Фарҳод Бобоев: “Куз-қиш мавсумида барқарор ишлаш учун тайёрмиз”
Саноат корхоналарининг куз-қиш мавсумида узлуксиз ва барқарор фаолият юритишини таъминлашда муҳандислик-коммуникация тармоқлари, энергетика тизими ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг мавсумга тайёрлиги муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, кимё саноатида технологик жараёнларнинг узлуксизлигини таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш қувватларининг ишончли ишлашини сақлаш устувор вазифалардан биридир.
Айни шу мақсадда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналарнинг 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнда ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлигини таъминлаш, мавжуд инфратузилмани техник жиҳатдан мустаҳкамлаш ва эҳтимолий носозликларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бу ҳақда “Ўзкимёсаноат” АЖ бош мутахассиси Фарҳод Бобоев ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди:
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини тизимли равишда олиб бордик. Бунда, аввало, корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва энергетика объектларининг техник ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратдик.
Тайёргарлик жараёни махсус ташкил этилган “Ўзкимёсаноат” АЖ Марказий комиссияси томонидан мувофиқлаштирилди. Тизим корхоналарида мавсумга тараддуд бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси босқичма-босқич назорат қилинди.
Асосий эътибор ишлаб чиқариш жараёни учун муҳим бўлган муҳандислик-коммуникация тармоқлари, энергетика ва иссиқлик таъминоти объектлари, технологик инфратузилма ҳамда бино-иншоотларнинг техник ҳолатини яхшилашга қаратилди.
Хусусан, 3,4 километр иссиқлик тармоғи, 33,8 километр электр тармоғи, 0,9 километр сув тармоғи ва 0,8 километр газ тармоғида таъмирлаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, энергетика тизимининг ишончлилигини таъминлаш мақсадида 58 та трансформатор подстанцияси, 34 та буғ қозони ва 29 та газ тақсимловчи пункт техник кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Куз-қиш мавсумида иссиқлик ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия йўқотишларини камайтириш мақсадида 4 229,5 метр квадрат иссиқлик тармоқларида иссиқлик изоляцияси ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, 48 824 метр квадрат биноларнинг том қисмлари ва 3 957 метр квадрат дераза ойналари таъмирланди ҳамда янгиланди.
Ишлаб чиқариш жараёнининг барқарорлиги нафақат энергетика, балки транспорт-логистика инфратузилмасининг мавсумга шайлигига ҳам бевосита боғлиқ. Шу сабабли, корхоналарнинг темир йўл тармоқларида ҳам зарур техник тайёргарлик ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 9 612,7 погон метр темир йўл тармоғида тегишли ишлар бажарилди.
Тайёргарлик жараёнида ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада тизим корхоналари бўйича режалаштирилган 439 та чора-тадбирнинг барчаси тўлиқ бажарилди.
Бу ишлар “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналарнинг қишки мавсумда энергетика ресурслари билан барқарор таъминланиши, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг ишончли ишлаши ва технологик жараёнларни узлуксиз ташкил этиш учун зарур шароит яратди.
Энг муҳими, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш орқали кимё корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш, энергия ресурсларини тежаш ҳамда эҳтимолий мавсумий хатарларнинг олдини олишга замин яратилди.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.