21 февраль — Суд органлари ходимлари куни этиб белгиланиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Судьяларнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа бўйича Олий суд судьяси Сардор Раҳмидинов маъруза қилди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар мақоми ва уларнинг ҳуқуқий-ижтимоий кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган.
Жумладан, лойиҳага кўра, судьяликка номзодлар учун ёш чегараси 35 ёшдан 30 ёшга туширилмоқда. Судьяларни аввал 5 йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш тартиби жорий этилмоқда. Амалда эса ушбу муддат 10 йил эди.
Судьялик лавозимлари, жумладан суд раиси ва ўринбосарларига қўйиладиган талаблар кучайтирилмоқда. Судьяларнинг малакасини мунтазам оширишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда. Судьянинг алмаштирилмаслиги унинг мустақиллигининг муҳим кафолати сифатида мустаҳкамланмоқда. Судьянинг касбий фаолиятини баҳолаш ва мансаб ўсишининг аниқ мезонлари белгиланмоқда.

— Мазкур қонун лойиҳаси билан интизомий жавобгарлик асослари аниқлаштирилиб, янги чора — қуйи судьялик лавозимига ўтказиш институти жорий этилмоқда, — дейди депутат З.Мавлонов. — Судьяларни ротация қилишнинг аниқ асослари ва бунда уларнинг мустақиллигини таъминлаш кафолатлари белгиланмоқда. Бундан ташқари, судьяларни давлат томонидан ҳимоя қилишнинг 6 турдаги хавфсизлик чоралари, «истеъфодаги судья» институти таклиф этилмоқда. Судьяларнинг ижтимоий кафолатлари янада кучайтирилмоқда.
Шунингдек, суд тизимида амалга оширилган муҳим ислоҳотлар рамзи сифатида 21 февраль — Суд органлари ходимлари куни этиб белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Қонунга киритилаётган ўзгартиришлар билан Олий суд раисининг судлар ва суд аппарати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ваколатлари ҳам кенгайтирилмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасидаги нормалар судьянинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, касбий масъулиятини оширишга хизмат қилади. Судья қанчалик мустақил бўлса, фуқаронинг адолатга бўлган ишончи шунчалик мустаҳкам бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА