Фарғонада замонавий урологик жарроҳлик имкониятлари кенгаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида юқори технологик ва кам инвазив жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилмоқда.
Жумладан, яқинда простата безининг яхши сифатли гиперплазиясини даволашда қўлланиладиган HoLEP — кам инвазив жарроҳлик усули амалиётга жорий этилди. Ушбу усулнинг муҳим жиҳати шундаки, амалиёт ташқи кесишсиз, табиий сийдик йўллари орқали бажарилади.
[gallery-31179]
Филиалда, шунингдек, буккал уретропластиканинг «Double Face» усули, икки томонлама уретероцистонеоанастомоз, трансуретрал резекция каби мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам ўзлаштирилган.
Яқинда Фарғона тумани марказий шифохонасида филиал мутахассислари маҳаллий жарроҳлар билан ҳамкорликда уч нафар беморда сийдик чиқариш йўли торайишини бартараф этишга қаратилган буккал уретропластика амалиётини ўтказди.
Мутахассислар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Филиал шифокорлари Россия ва Ҳиндистондаги нуфузли тиббиёт муассасаларида малака ошириб, лапароскопик, эндоскопик ва реконструктив урология йўналишларида илғор тажрибаларни ўзлаштириб қайтди.
Марказ клиник лабораториясида спермограммани чуқур текшириш, ДНК асосида таҳлиллар ўтказиш, шунингдек, буйрак ва сийдик йўлларида ҳосил бўладиган тошларнинг минерал таркибини аниқлаш имконияти яратилган.
Филиалда кўп маротаба даволанишга муҳтож беморлар учун имтиёзли дастур ҳам жорий этилган. Унга кўра, беморлар шифокор кўриги, лаборатория таҳлиллари ва УЗИ текширувларидан навбатсиз ўтиш имкониятига эга.
Замонавий технологиялар ва илғор диагностика усулларининг амалиётга кенг татбиқ этилиши, малакали мутахассислар салоҳиятидан самарали фойдаланиш Фарғона вилояти аҳолисига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган урологик тиббий ёрдам сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА