Фарғонада ёшлар учун маънавий-маърифий учрашув
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Ёшлар кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Қайд этилганидек, мазкур таълим муассасасида бугунги кунда 1 814 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида 183 нафар битирувчи мустақил ҳаётга қадам қўяди. Уларнинг аксарияти халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлиб, бир қатор ўқувчилар хорижий олий таълим муассасаларига қабул қилинган.
Тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Орифжон Ўлмасов мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг таълим ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар хусусида фикр билдирди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг яқинда Фарғона вилоятига ташрифи доирасида мактаб ўқувчилари Абдухалил Алижонов ва Абдулазиз Валиев иштирок этгани ёшларга бўлган юксак эътибор ва ишонч намунаси сифатида таъкидланди.
Учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этиб, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, гиёҳвандлик ва кибержиноятларга қарши курашиш масалалари юзасидан тушунтиришлар берди.
[gallery-29325]
Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Унда ёш авлодни баркамол тарбиялаш, уларнинг билим ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш муҳим экани таъкидланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА