Фарғонада ёш теннисчиларимиз бош совринни кўзламоқда
Фарғона шаҳрида ўсмирлар ўртасида теннис бўйича J100 тоифасига кирувчи халқаро турнир қизғин баҳслар билан давом этмоқда.
Дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан ташриф буюрган ёш теннисчилар иштирокидаги мусобақада яккалик баҳсларида чорак финал, жуфтликлар дастурида эса ярим финал иштирокчилари аниқланди.
Ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳсларида Ўзбекистон вакили Данила Квасов хитойлик Зуру Жангни 7:5, 6:4 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди. Энди у мазкур босқичда япониялик Кенсу Кобаяшига қарши кортга чиқади.
Жуфтлик баҳсларида эса Данила Квасов Маҳмудбек Бекназаров билан биргаликда ярим финалга чиқди. Ўзбекистонлик теннисчилар финалга чиқиш учун япониялик Кодай Абе ва Сота Кагава жуфтлигига қарши баҳс олиб боради.
Яна бир ҳамюртимиз Абдураҳмон Каримов тожикистонлик Сомон Амонов билан жуфтлик ҳосил қилиб, ярим финалга йўлланма олди. Улар ҳал қилувчи босқич йўлланмаси учун ҳиндистонлик Арад Якшитиж ҳамда польшалик Юлиуш Станьчик жуфтлигига қарши майдонга тушади.
Қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида иккинчи даврада икки ҳамюртимиз — Элнура Болтабоева ва Нигина Алимова ўзаро рақобатлашди. Уч сетга чўзилган муросасиз беллашувда Элнура Болтабоева 6:4, 0:6, 7:6 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди у чорак финалда қозоғистонлик Кристина Кручекога қарши баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА