Бугун “Saint Louis Rapid & Blitz 2026” турнирида ғолиблар аниқланади
АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида давом этаётган “Saint Louis Rapid & Blitz 2026” халқаро турнирининг блиц йўналишидаги мусобақаларнинг 9 та тури ортда қолди.
Мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ долларидан иборат мусобақанинг ортда қолган 9 та тур ўйинларида Жавоҳир Синдоров 3 та ғалаба, 1 та мағлубият ва 5 та дуранг натижа қайд этди.
Муросасиз баҳсларда маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров Фабиано Каруана, Эвондер Лианг ва Леньер Домингесни мағлуб этган бўлса, нидерландиялик Жорден ван Форестга имкониятни бой берди. Левон Аронян, Аниш Гири, Винсент Кеймер, Рамешбабу Праггнанандҳа ва Уэсли Со билан муроса йўлини танлади.

Бугун, 6 август куни блиц баҳсларининг қолган 9 та тур ўйинлари ўтказилиб, рапид ва блиц йўналишларида тўпланган очколар умумлашувида ғолиб аниқланади.

Ортда қолган ўйинлар сарҳисобига кўра, турнир жадвалида Рамешбабу Праггнанандҳа 18 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринда жойлашган Жавоҳир Синдоров ҳисобида 16,5 очко мавжуд. Америкалик Уэсли Со 15 очко билан учинчи ўринни банд этган вазиятда Левон Аронян 14,5 очко билан тўртинчи қаторда ҳаракатланмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА