Фарғонада нега қўй-эчкилар сони камайди?
Акс-садо
Президент раислигида ўтган видеоселектордаги озиқ-овқат хавфсизлиги ва чорвачиликни ривожлантириш масалалари муҳокамаси ортидан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Ориф Бўтаев қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари – Агентлик директори этиб тайинланди.
Хўш, нега шундай агентлик тузиш шарт бўлиб қолди? Бунинг бир неча сабаблари кўринади.
Биринчидан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархи ўсишда давом этяпти. Уни тўхтатиш, пасайтириш чораларини кўриш лозим.

Иккинчидан, чорва боши сони камайиб боряпти. Масалан, Фарғона вилоят статистика бошқармаси берган маълумотига кўра, 2026 йил январь-март ойлари ҳолатига вилоятда барча турдаги хўжалик тоифалари томонидан қўй ва эчкилар бош сони 900,4 мингтага етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирганда 94,3 фоизни ташкил этди. Ҳудди шундай ҳол паррандачиликда ҳам кузатилмоқда. 2026 йил январь-март ойлари ҳолатида вилоятда барча турдаги хўжалик тоифалари томонидан паррандалар бош сони 8 млн 718,7 мингтага етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирганда 99,7 фоизни ташкил этади.
Мамлакатга хориждан, масалан. Монголиядан минглаб қўй келтирилган эди. Улар маҳаллий шароитга мослашиши зарур. Бунинг учун турли об-ҳаво шароитидаги яйловлар керак бўлади.
Учинчидан, мутахассислар чорвачиликда серсут ёки гўштга боқиладиган насллар янгиланиши лозимлигини айтишмоқда.
Демак, янги ташкил этилган Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги заруратга айланган экан ва унинг олдида жуда катта ҳамда муҳим вазифалар турибди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА