Фарғонада энергия таъминотидаги муаммолар манзилли бартараф этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона туманида аҳолини газ ва электр энергияси билан барқарор таъминлаш, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиб, тезкор бартараф этишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқаруви раиси М.Хўжаев раҳбарлигидаги махсус штаб томонидан ҳудуддаги вазият ва аҳоли мурожаатлари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Табиий газ таъминоти тизимида тармоқларни оптималлаштириш мақсадида 47,5 километр қўшқатор газ қувури демонтаж қилиниб, ягона узатиш тизимига ўтказилди. 262 та хонадон икки босқичли газ таъминоти тизимига ўтказилган бўлса, 137 та эски газ тақсимлаш қурилмаси янгиланди.
[gallery-30805]
Шунингдек, алоқасида муаммо бўлган 808 та газ ҳисоблагичининг ишлаш тизими тикланди. Суюлтирилган газ таъминотида узилиш кузатилган маҳаллаларда ҳам зарур чоралар кўрилиб, 2 минг 489 та истеъмолчига 49,7 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Электр таъминотида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. 73 та трансформатор пункти ва 41,1 километр электр тармоғи мукаммал таъмирланди. 447 та ҳисоблагичнинг алоқаси тикланиб, электр энергияси истеъмолига оид маълумотларни автоматик узатиш қайта йўлга қўйилди.
Истеъмолчилар билан манзилли ишлаш натижасида газ таъминоти соҳасида 305,5 миллион сўм, электр таъминотида эса 2,7 миллиард сўмлик дебитор қарздорлик ундирилди.
Ўрганишлар жараёнида газ таъминотида 4 та, электр тизимида 17 та ноқонуний ҳолат аниқланиб, тегишли материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Амалга оширилаётган ишлар ҳудудда энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этишга қаратилган.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА