Фаол тадбиркорлар сафи кенгаймоқда
Тадбиркорлик – ташаббус, меҳнат ва матонатни талаб қиладиган масъулиятли соҳа. Ўз ишини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратаётган ва ҳудудлар иқтисодиётига катта ҳисса қўшаётган тадбиркорларнинг меҳнати эса муносиб эътирофга лойиқ, албатта.
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни, жумладан, тадбиркор хотин-қизлар учун қулай муҳит ва шарт-шароит яратиш орқали уларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Натижада эса энг чекка ҳудудларда ҳам ўз касб-кори, бизнеси билан даромад топаётган, юрт равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркор ва ҳунарманд аёллар сафи тобора кенгаймоқда.
Навоий вилояти, Қизилтепа туманининг Маликобод маҳалласида фаолият юритувчи Улаш Шомиева ҳам бундан 5 йил аввал 6 нафар ишчи билан рўмол тикишни бошлаган эди. Вақт ўтиши билан кичик корхона катта жамоага айланди. Ишлаб чиқариш ҳажми ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.

– Икки минг йигирма биринчи йили фаолиятимни бошлаган эдим, – дейди Улаш Шомиева. – Бугунги кунга келиб, корхонамизда юз-юз эллик нафар ходим меҳнат қилмоқда. Асосан, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор хотин-қизларимиз билан фаолият юритиб келамиз. Фаолиятимизни кенгайтиришимизга Ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Ҳозирча ҳар хил турдаги рўмоллар ишлаб чиқаряпмиз. Рўмолларимиз сони етти мингтадан ошади.
Бугун бу ерда меҳнат қилаётган ҳар бир ходим учун иш нафақат даромад манбаи, балки бу ўз касбига эга бўлиш, оиласига кўмак бериш ва эртанги кунга ишонч билан қараш имконияти ҳамдир.
Қаҳрамонимизнинг самарали меҳнати ва аҳоли фаровонлигини оширишга қўшган ҳиссаси эътиборсиз қолмади. У давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 августдаги “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармойишига биноан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Албатта, фаол тадбиркорларга қаратилаётган эътибор уларни юксак марралар сари чорламоқда. Бу ўз навбатида ҳудудларнинг иқтисодий ўсиши ҳамда аҳолининг фаровон турмуш кечиришига хизмат қилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири