Фаол адлия китобхони аниқланди
Бугунги рақамли технологиялар ривожланган глобаллашув жамиятида китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаага бўлган қизиқишни ошириш ҳамда интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Наманганда вилоят адлия бошқармаси томонидан ходимлар ўртасида ташкил этилган “Адлия китобхони” танлови айни шу эзгу мақсадга қаратилди.

Танловнинг навбатдаги октябрь ойи босқичида иштирокчилар Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг “Уфқ” роман-трилогиясининг иккинчи қисми – “Ҳижрон кунлари” ҳамда учинчи қисмини мутолаа қилиб, асарларнинг мазмун-моҳияти, қаҳрамонлар тақдири ва илгари сурилган ғоялар юзасидан ўз билимларини синовдан ўтказишди.

Атоқли адибимизнинг ушбу асарлари халқимизнинг мураккаб тарихий даврлардаги ҳаёти, инсоний муносабатлар, матонат, садоқат ва ватанпарварлик каби фазилатларни бадиий акс эттириши билан ғоят муҳим аҳамиятга эга. Уларни мутолаа қилиш давлат хизматчиларининг дунёқарашини кенгайтириш, бадиий тафаккурини бойитиш ва китобхонликка бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.
Танлов якунларига кўра, Чуст тумани адлия бўлими Давлат хизматлари маркази ходими Муқаддас Ботиралиева юқори натижани қайд этиб, октябрь ойининг “Энг яхши китобхон” номинацияси ғолибига айланди. У адлия бошқармаси бошлиғининг эсдалик совғаси билан тақдирланди.

Ходимларнинг хизмат фаолияти ва мутолаа йўлидаги изланишларини қўллаб-қувватлаш, китоб мутолаасига бўлган меҳрни ошириш, билим ва тафаккурни бойитишга катта ёрдам берадиган ушбу танлов тизимда мунтазам давом эттирилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири