Европа тажрибаси янги имкониятларни юзага келтиришда қўл келади
Банк ходими учун бугунги кунда фақат молияни билишнинг ўзи кифоя эмас. Замонавий банк мутахассиси рақамли технологияни тушуниши, мижоз эҳтиёжини олдиндан ҳис қилиши, хавфларни тўғри баҳолай олиши ва энг муҳими, ҳар бир қарор ортида инсон тақдири турганини англаши керак.
Жаҳон молия бозоридаги кескин ўзгаришлар, рақамлаштириш жараёнларининг тобора тезлашиши, сунъий интеллект ва замонавий банк технологияларининг ҳаётимизга чуқур кириб келиши молия тизими олдига янги вазифаларни қўймоқда. Бундай шароитда банк тизимининг рақобатбардошлиги, аввало, унда меҳнат қилаётган мутахассисларнинг билим ва салоҳиятига боғлиқ.
Шу маънода Ўзбекистонда банк-молия соҳасида инсон капиталини ривожлантириш, замонавий билим ва илғор хорижий тажрибани ўрганишга қаратилаётган эътибор алоҳида аҳамият касб этади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда банк тизимини ислоҳ қилиш, хизматларни рақамлаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий бошқарув усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу жараёнларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Акциядорлик тижорат “Халқ банки” ҳамда Молия-банк ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тармоқлараро институти ташаббуси билан бир гуруҳ ўзбекистонлик банк ходимлари Чехия Республикасидаги Европа амалий фанлар ва менежмент институтида ўқув-семинарида иштирок этиб қайтди.
Улар орасида АТ “Халқ банки” Бухоро вилояти минтақавий марказининг Аёллар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича бошлиғининг ўринбосари Наргиза Латипова ҳам бор.
— Бугунги банк ходими кечаги билим билан эртанги мижоз эҳтиёжини қондира олмайди, — дейди Н.Латипова. — Шунинг учун малака ошириш, дунёдаги энг яхши тажрибаларни ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш муҳим. Чехиядаги ўқув-семинари биз учун оддий дарс эмас, балки банк тизимига бошқача нигоҳ билан қараш имконини берган катта тажриба мактаби бўлди.
Чехия тажрибаси билан Ўзбекистондаги жараёнларни солиштирганда, энг аввало, рақамли хизматлардаги ёндашувлар эътиборни тортади.

Чехияда банк хизматларининг катта қисми масофадан туриб амалга оширилади. Мобил иловалар, онлайн-банкинг, рақамли идентификация каби воситалар мижознинг банкка бориш заруратини кескин камайтирган. Яъни банк мижозни кутиб ўтирмайди — банк хизматининг ўзи мижозга етиб боради.
Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда бу йўналишда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мобил банк хизматлари, онлайн тўловлар, масофавий хизмат кўрсатиш, рақамли маҳсулотлар ва автоматлаштирилган тизимлар тобора кенгаймоқда.
Фарқ шундаки, Чехияда рақамли банк маданияти анча олдин шаклланган бўлса, Ўзбекистонда бу жараён жуда юқори суръатларда кечмоқда. Бугун мамлакатимизда рақамлаштириш оддий технология янгиланиши эмас, балки банк ва мижоз ўртасидаги муносабатларнинг янги моделига айланмоқда.
Европа банкларининг яна бир муҳим жиҳати — мижозга йўналтирилганлик. Банк учун мижознинг фақат қанча маблағ сақлаётгани ёки қанча кредит олаётгани эмас, балки унинг эҳтиёжи, вақти, имконияти ва молиявий хавфсизлиги ҳам муҳим.
Бу жиҳат Ўзбекистон учун ҳам айниқса долзарб. Чунки Халқ банки фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири аҳоли, хотин-қизлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашдан иборат.
Чехияда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришда хавфларни олдиндан баҳолаш, кредит тарихини таҳлил қилиш ва давлат-хусусий шериклик механизмларидан самарали фойдаланишга катта аҳамият берилади.
Ўзбекистонда эса тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, оилавий бизнесни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган молиявий механизмлар йил сайин такомиллашмоқда.
Демак, Чехия тажрибаси — механизмни, Ўзбекистон тажрибаси эса уни кенг аҳоли қатлами манфаатига йўналтириш имкониятини намоён этмоқда.
Семинарда эътибор қаратилган яна бир муҳим масала — банк хатарларини бошқариш.
Чехия Марказий банки томонидан пруденсиал назоратнинг кучли йўлга қўйилгани, инфляция жараёнларини кузатиш, банклар ликвидлигини таъминлаш ва молиявий барқарорликни сақлаш механизмлари иштирокчилар учун катта қизиқиш уйғотган.
Ўзбекистон банк тизимида ҳам рискларни бошқариш, кредит портфели сифатини яхшилаш, муаммоли кредитларни камайтириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш борасида янги ёндашувлар жорий этилмоқда.
Бу ерда Европа тажрибасидан олинадиган энг муҳим сабоқ шу: муаммони бартараф этишдан кўра, унинг келиб чиқиш эҳтимолини олдиндан аниқлаш самаралироқ.
Замонавий банкнинг кучи ҳам шунда — у фақат маблағни тақсимламайди, балки хавфнинг ҳам олдини олади.

Европа таълим моделининг яна бир ўзига хос томони — билимни амалиёт билан уйғунлаштириш.
Семинар жараёнида назарий маълумотлар реал ҳаётдаги банк кейслари билан боғланиб, иштирокчилардан муайян вазиятларда мустақил қарор қабул қилиш талаб этилган.
Бу усул Ўзбекистон банк тизими учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки китобдан ўқилган қоида билан ҳаётдаги мураккаб молиявий вазиятни ҳал қилиш ўртасида катта фарқ бор. Билим — имконият. Амалиёт эса натижа. Шу боис хорижий тажрибани ўрганишнинг энг катта қиймати ҳам айнан ундан ўз иш жараёнида фойдалана билишдадир.
Наргиза Латипова учун ушбу сафарнинг аҳамияти, аввало, ўрганилган тажрибани ўз иш фаолиятига татбиқ этиш билан боғлиқ.
Айниқса, хотин-қизлар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда рақамли хизматлардан кенг фойдаланиш, мижознинг эҳтиёжини чуқур ўрганиш, молиявий хатарларни баҳолаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасидаги ёндашувлар амалий аҳамиятга эга.
Бухорода тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар, ўз бизнесини бошлаётган оилалар ва молиявий кўмакка эҳтиёж сезаётган фуқаролар учун банк хизмати қанчалик тушунарли, тезкор ва қулай бўлса, унинг ижтимоий самараси ҳам шунчалик юқори бўлади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Чехияда олинган билимлар минглаб километр узоқда қолиб кетадиган назарий маълумот эмас. Уларнинг ҳақиқий қиймати Бухорода бир тадбиркор аёлга ўз бизнесини бошлашда, бир оилага даромад манбаини яратишда, бир мижозга вақт тежашда намоён бўлади.
Бугун дунёда банклар ўртасидаги рақобат фақат капитал ёки технология билан эмас, инсон капитали билан ҳам ўлчанмоқда.

Замонавий дастурни сотиб олиш, технологияни жорий этиш мумкин. Аммо уни самарали ишлата оладиган, мижоз билан тўғри мулоқот қиладиган, муаммога ечим топадиган ва янгиликка интиладиган мутахассисни тайёрлаш учун вақт ва тизимли меҳнат зарур. Шу боис Давлат раҳбари томонидан инсон капиталини ривожлантириш, таълим ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш, замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаш учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чехиядаги ўқув-семинари ана шу сиёсатнинг амалий ифодаларидан бири сифатида банк ходимларига Европа тажрибасини бевосита ўрганиш, уни Ўзбекистон шароити билан қиёслаш ва энг самарали жиҳатларини миллий амалиётга мослаштириш имконини берди. Зеро, тараққиётнинг энг ишончли формуласи — илғор тажрибани ўрганиш, уни миллий манфаатлар билан уйғунлаштириш ва натижани инсон ҳаётида намоён этишдир.
Бугун Чехияда ўрганилган ҳар бир янги ёндашув эртага Бухорода янги хизмат, янги қулайлик, янги тадбиркорлик имкониятига айланиши мумкин. Шу маънода, ушбу сафарнинг энг катта натижаси сертификат ёки ўқув-семинарида иштирок этганлик ҳақидаги ҳужжат эмас. Энг катта натижа — дунё тажрибасини ўзлаштирган мутахассиснинг ўз юртига қайтиб, олган билимини одамлар манфаатига хизмат қилдиришидир. Чунки банк биносида замонавий технологиялар қанча кўп бўлмасин, унинг ҳақиқий қиёфасини барибир инсон белгилайди. Билимли, изланувчан ва замон билан ҳамнафас мутахассис эса ҳар қандай тизимни тараққиёт сари бошлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири