Етим болаларни уй-жой билан таъминлаш қайси ҳолатда рад этилади?
Ҳуқуқий муносабат
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлгандан кейин кўп квартирали уй-жойлардан турар жой ажратилиши белгиланган.

Қайси ҳолатларда уй-жой бериш рад этилиши мумкин?
Бу борада Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагича тушунча берди:
– Хусусан, уй-жой қуйидаги тоифадаги, ўз номида турар жойи бўлмаган шахсларга берилади:
Етим болалар, жумладан, ота-онаси вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган болаларга, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, хусусан, ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, муомалага лаёқатсиз деб топилган, бедарак йўқолганда берилади.
Аммо, жараёнда қуйидаги ҳолатлар аниқланса, шахсни уй-жой билан таъминлаш навбатига қўйиш рад этилади ёки рад этиш учун асос бўлади.
Жумладан, мулк ҳуқуқи мавжудлиги бўлганда. Агар шахснинг номида давлат рўйхатидан ўтган яшаш учун яроқли хусусий уй-жойи мавжуд бўлса, мақомнинг тасдиқланмаслиги, яъни етимлик ёки ота-она қарамоғидан маҳрумлик фактини тасдиқловчи расмий ҳужжатлар, хусусан, суд қарори, гувоҳномалар мавжуд бўлмаса уй-жой бериш рад этилади.
Шунингдек, тизимга киритиш муддати 23 ёшгача этиб белгиланган бўлиб, агар шахс 23 ёшга тўлган бўлса ва шу вақтга қадар "онлайн-навбат" тизимига киритилмаган бўлса, туман (шаҳар) комиссияси томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида шахснинг яшаш учун бошқа яроқли жойи борлиги аниқланганда ҳам уй-жой берилиши рад этилади.
Маълумотларга кўра, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни улар муқобил жойлаштириш шаклларида бўлиш ҳамда ўқув-тарбия муассасасида тарбияланиши муддатининг тугашидан бир йил аввал уй-жойга муҳтожлар сифатида “онлайн-навбат” ахборот тизимига киритади.
Уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муддатидан аввал ҳам “онлайн-навбат” ахборот тизимига киритилиши мумкин.
Муддатида “онлайн-навбат” ахборот тизимига киритилмай қолиб кетган, уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар улар 23 ёшга тўлгунига қадар “онлайн-навбат” ахборот тизимига ҳудудий бошқармаларнинг хулосасига асосан киритилади.
Уй-жойлар мазкур шахслар 18 ёшга тўлгандан кейин ажратилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА