Ёшлар ҳарбий касбга йўналтирилмоқда
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида жойлашган 1-умумтаълим мактабида ёшларни ҳарбий касбга қизиқтириш, уларни Ватан ҳимояси йўлида фидокорона хизмат қилишга ундаш мақсадида “Ҳарбийлик сари илк қадам” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши, Мудофаа ишлари жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм хизматчилари ташаббуси билан ўтказилди. Унда Термиз шаҳридан ташриф буюрган мутахассислар, жумладан, “Ёш чегарачилар” ҳарбий академик лицейи ўқитувчилари, мактаб ўқувчилари ва фаол ёшлар иштирок этдилар.

Учрашув давомида иштирокчиларга “Ёш чегарачилар” ҳарбий академик лицейига қабул тартиби, таълим жараёни, замонавий ўқув инфратузилмаси ҳамда курсантлар учун яратилган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, муассасада ёшларнинг ҳарбий-интеллектуал салоҳиятини ошириш, жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва уларни интизом руҳида тарбиялашга қаратилган ишлар хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбир доирасида ҳарбий хизматчилар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди, унда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олдилар. Суҳбат жараёнида ҳарбий хизматнинг шарафи ва масъулияти, ватанпарварлик, матонат ва интизом каби фазилатларнинг аҳамияти кенг ёритилди. Шу билан бирга, ҳарбий касб инсонда лидерлик қобилиятлари ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантириши таъкидланди.

– Бугунги кунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бундай тарғибот тадбирлари ёшларда ҳарбий касбга бўлган қизиқишни ошириш, уларни онгли равишда касб танлашга йўналтиришда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, амалий мулоқотлар орқали ёшлар ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаб етадилар, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгашининг масъул ходими Фурқатжон Азимов.

Мазкур тадбир ёшларни юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашдек шарафли бурчга тайёрлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим амалий қадам бўлди. Шу каби учрашувларни мунтазам ташкил этиш орқали ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири