“Эрта аралашув” хизмати йўлга қўйилди
Баъзан инсон ҳаётидаги энг катта ғалаба жуда кичик қадамдан бошланади. Бир боланинг ён томонига мустақил ағдарилиши, бошини тик тутиши, исми айтилганда эътибор қаратиши ёки илк бор қадам ташлаши — кимгадир оддий ҳолатдек туюлиши мумкин. Аммо фарзандининг ҳар бир ҳаракатини умид билан кутаётган ота-она учун бу — сўз билан ифодалаб бўлмайдиган қувонч, катта орзунинг рўёби ва эртанги кунга ишончдир.
Бугун мамлакатимизда бола саломатлиги, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган ҳамда ривожланишида ўзига хосликлар кузатилаётган болаларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ҳимоя тизимини инсон қадри ва унинг эҳтиёжларига янада яқинлаштириш, айниқса, ёрдамга муҳтож болаларга хизматларни эрта босқичдан кўрсатиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу эзгу мақсаднинг амалий ифодаларидан бири сифатида Жондор туманида “Эрта аралашув” хизмати йўлга қўйилди. Мазкур хизмат тажрибали шифокор Авазжон Неъматов ташаббуси асосида ташкил этилган бўлиб, айни пайтда ундан олти нафарга яқин бола фойдаланмоқда. Бир қарашда бу рақам катта бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳар бир рақам ортида бир боланинг тақдири, бир оиланинг умиди, бир неча инсоннинг меҳнати ва энг муҳими, ўз имкониятларини намоён этишга интилаётган кичик бир қалб бор.
“Эрта аралашув” хизмати туғма ногиронлиги бўлган ёки ривожланишида кечикиш, турли нуқсонлар кузатилаётган 0 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларга комплекс ижтимоий-ривожлантирувчи ёрдам кўрсатишни назарда тутади.
Хизматнинг энг муҳим жиҳати — муаммони кутиб ўтирмасдан, уни имкон қадар эрта аниқлаш ва болага айнан унинг эҳтиёжларига мос ёндашув асосида ёрдам кўрсатишдир.
Зеро, болаликнинг дастлабки уч йили — инсон ривожида ниҳоятда муҳим давр. Бу вақтда боланинг ҳаракатланиши, мулоқот қилиши, атроф-муҳитни англаши, нутқи ва бошқа кўникмалари босқичма-босқич шаклланади. Шунинг учун ривожланишдаги ҳар қандай ўзига хосликни эрта пайқаш, мутахассислар кўригидан ўтказиш ва зарур машғулотларни ўз вақтида бошлаш келажакдаги натижалар учун муҳим аҳамият касб этади. Жондордаги “Эрта аралашув” хизмати ана шу тамойилга асосланган.

Бу ерда боланинг имкониятлари чекловларидан устун қўйилади. Яъни “у нима қила олмайди?” деган саволдан кўра, “у яна нимани ўрганиши мумкин?” деган ёндашувга устувор аҳамият берилмоқда. Хизмат доирасида болаларнинг жисмоний, руҳий ва нутқий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган машғулотлар ташкил этилган. ЛФК йўриқчиси, психолог, дефектолог, логопед ҳамда олигофренопедагог каби мутахассислар ҳар бир бола билан унинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ишламоқда. Бу ерда тайёр қолип йўқ. Чунки ҳар бир боланинг эҳтиёжи, имконияти ва ривожланиш суръати турлича. Кимгадир ҳаракатланиш кўникмасини шакллантириш муҳим бўлса, бошқаси учун мулоқотга киришиш, овқатланиш, чайнaш, эътиборни жамлаш ёки оддий ҳаракатларни мустақил бажаришнинг ўзи катта натижа ҳисобланади. Шу боис ҳар бир машғулот боланинг мавжуд имкониятларини кенгайтириш, янги кўникмаларни шакллантириш ва унинг кундалик ҳаётдаги фаоллигини оширишга қаратилган.
Хизматдан фойдаланаётган оилалар ҳаётидаги ўзгаришлар эса бу ишнинг нақадар муҳим эканини яққол кўрсатмоқда.
Мухайё опа Қаландарованинг ўғли ҳам ривожланишида қўшимча кўмакка муҳтож болалардан бири. Маҳалла ижтимоий ходимининг тавсияси асосида у “Эрта аралашув” хизматига ваучер асосида жалб этилди.
Мунтазам машғулотлар жараёнида болада ижобий ўзгаришлар кузатила бошлади. Илгари қийин кечган айрим ҳаракатлар энди секин-аста шаклланмоқда. Жумладан, ён томонларга ағдарилиш, исми айтилганда эътибор қаратиш, бошини тик тутиш каби кўникмалар пайдо бўлмоқда. Бу — оддий натижа эмас. Чунки бола учун ҳар бир янги ҳаракат ўзини англаш, атрофдагилар билан мулоқотга киришиш ва мустақиллик сари ташланган қадамдир. Ота-она учун эса бу ҳаракат — “фарзандим қила олади” деган ишончнинг яна бир бор мустаҳкамланишидир.
Моҳидил Жабборованинг набираси ҳам “Эрта аралашув” хизмати орқали зарур ёрдамни олаётган болалардан. Туғилганидан буён зонд орқали овқатланган, оёққа туриши ва қадам ташлашида қийинчиликлар кузатилган болага логопедик массаж ва машғулотлар, ЛФК муолажалари мунтазам ташкил этилмоқда. Бугун эса унинг ҳолатида сезиларли ижобий силжишлар кузатилмоқда. У аста-секин қадам ташлашни бошлади. Чайнаш кўникмалари ҳам шаклланиб бормоқда. Бундай ўзгаришлар ортида шифокор ва мутахассисларнинг меҳнати, оиланинг сабр-тоқати, мунтазам машғулотлар ва энг муҳими, болага ишонч мужассам.
Кечагина бир ҳаракатни бажара олмаган боланинг бугун уни мустақил амалга ошираётгани — “Эрта аралашув” хизматининг моҳиятини англаш учун энг таъсирчан мисолнинг ўзидир.
Хизматнинг яна бир муҳим жиҳати — эътибор фақат болага эмас, унинг оиласига ҳам қаратилганидир. Чунки ривожланишида ўзига хослик бўлган фарзандни тарбиялаш — ота-онадан катта сабр, билим ва руҳий барқарорликни талаб қилади. Баъзан оила аъзолари фарзандига қандай ёрдам беришни, қайси машқларни бажаришни ёки унинг айрим хатти-ҳаракатларига қандай муносабат билдиришни билмаслиги мумкин.

Шу нуқтаи назардан мутахассисларнинг маслаҳатлари, тушунтиришлари ва амалий тавсиялари ниҳоятда муҳим.
Ота-оналар мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаши, уй шароитида ҳам тавсия этилган машқларни давом эттириши боланинг ривожланиш жараёнини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади. Яъни бу жараёнда шифокор, мутахассис ва ота-она бир мақсад сари ҳаракат қилади: боланинг имкониятларини имкон қадар кенгайтириш. Бугун ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ҳам шунда — инсонни муаммо билан ёлғиз қолдирмаслик, ёрдамни унинг эҳтиёжига қараб ташкил этиш ва хизматларни аҳолига яқинлаштириш.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини юксалтириш, ижтимоий ҳимояни манзилли ташкил этиш, болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар айнан шундай амалий хизматлар орқали ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. Айниқса, “Эрта аралашув” каби хизматларнинг маҳаллага яқин ҳудудларда ташкил этилиши ота-оналар учун катта енгиллик яратади. Энг муҳими, бола зарур ёрдамни кеч эмас, айнан унга энг кўп фойда берадиган даврда олиш имкониятига эга бўлади.
Зеро, эрта кўрилган чора — келажакдаги катта қийинчиликларнинг олдини олишга, боланинг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири