Эрон Трампни огоҳлантирди (+видео)
Эрон АҚШга нисбатан жавоб чоралари сиёсатини тубдан ўзгартирди. Теҳрон ҳужумларга "тезкор ва оғриқли" зарба бериш билан таҳдид қилиб, Вашингтонни ёлғон тарғиботда айблади.
Бу баёнот АҚШ ва Эроннинг Ҳурмуз бўғозида бир-бирига тегишли кемалар ва нефт ташувчи танкерларга зарба берганидан бир неча соат ўтиб янгради.
Ғолибоф давлат телевидениеси орқали: «Америкаликлар мутаносиб жавоблар даври тугаганини тушуниб етди. Эрон манфаатлари ва хавфсизлигига қилинган ҳар қандай ҳужум янада тезкор, қаттиқ ва оғриқли жавоб билан кутиб олинади», — деди.
Унинг айтишича, минтақадаги АҚШ базаларига берилган зарбалар Оқ уйни «довдиратиб» қўйган. Ғолибофнинг даъво қилишича, шу сабабли АҚШ воқеаларни яшириш учун сунъийинтеллект ёрдамида ёлғон тарғибот материалларини тайёрлашга ўтган.
У бу билан Оқ уйнинг X ва Instagram платформаларида тарқатаётган сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган видеоларни назарда тутган. Уларда Эронга берилган ҳақиқий зарбалар тасвирлари фильмлар ва компьютер ўйинларидаги драматик саҳналар билан аралаштирилган.
Ғолибофнинг таъкидлашича, ҳозирги қарама-қаршилик фақат ҳарбий соҳада эмас, балки ишлаб чиқариш ва аҳолининг турмуш даражасига ҳам таъсир қилмоқда. У Эрон иқтисодиётидаги вазиятни асосий муаммолардан бири деб атади. Шунингдек, ички ишлаб чиқаришни кучайтириш, технологияларни ривожлантириш ва ёшларнинг салоҳиятига сармоя киритиш бўйича зудлик билан чора кўришга чақирди. Ғолибофнинг фикрича, АҚШ санкцияларни кучайтириб, таъминот занжирларини узиш ва энергетика ресурсларини назорат қилишга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли Теҳрон импортни бошқариш, ички ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва мамлакатдаги салоҳиятли мутахассислар имкониятларидан фойдаланишнинг янги усулларини ишлаб чиқиши керак.
Эрон армияси штаби бошлиғи, адмирал Ҳабибулла Сайёрий ҳам Дональд Трампнинг Эронга босим ўтказиш ҳақидаги баёнотларига муносабат билдирди. «Трамп доимо бирнарсани айтади: уларда ядровий қурол йўқ, биз уларнинг флотини йўқ қилдик, авиациясини мағлуб этдик, иқтисодиёти қулаб тушди, улар маош тўлай олмаяпти. Биз бу такрорларга ўрганиб қолдик. Бу давр аллақачон ўтиб кетган», — деди у. Сайёрий, агар АҚШ ҳақиқатан ҳам таҳдидларини амалга ошириш ниятида бўлганида, буни аллақачон қилган бўлар эди, деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Эроннинг ҳарбий салоҳияти, қаршилик кўрсатиш қобилияти ва иродасига қарши тура олмаслигини билади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/B4dobwZ2qFM" title="Eron Trampni ogohlantirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА