Арктика учун кураш: Европа нега шошилинч стратегиясини ўзгартирмоқда?
Арктика энди музли қоялар ҳудуди эмас, балки жаҳоннинг янги геосиёсий майдонига айланмоқда. Европа Иттифоқи бу воқеликка мослашиш учун Арктика сиёсатига шошилинч тарзда қайта қарай бошлади. Урсула фон дер Ляйеннинг Гренландияга ташрифи ҳам бежиз эмас: Россиянинг ҳарбий фаоллиги, Хитойнинг иқтисодий экспансияси ва АҚШнинг минтақадаги манфаатлари Европани Арктикада ўз ўрнини сақлаб қолиш ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда.
2021 йилда қабул қилинган ЕИ Арктика сиёсати асосан иқлим ўзгариши ва хомашё масалаларига қаратилган эди. Бугунги воқелик эса бутунлай бошқача. Музларнинг тез эриши янги денгиз йўлларини очмоқда, минтақанинг табиий ресурслари эса йирик давлатлар ўртасидаги рақобатни кучайтирмоқда.
Россия Арктикада ҳарбий иштирокини кенгайтирса, Хитой “Қутб ипак йўли” орқали Европа ва Осиёни боғлайдиган янги транспорт йўлакларини шакллантиришга интилмоқда.
Экспертлар фикрича, Европа янги стратегияни кечиктирса, Арктикадаги таъсирини бошқа кучларга бой бериши мумкин. Шу боис, Брюссел энди фақат экология ва иқтисодиёт ҳақида эмас, балки мудофаа, хавфсизлик, музёрар кемалар, инфратузилма ва стратегик ресурслар ҳақида ҳам бош қотирмоқда. НАТО ҳам “Arctic Sentry” ташаббусини ишга тушириб, ҳарбий қудратини кучайтиришга киришди.
Энг муҳими, Арктика учун кураш энди фақат шимолдаги музликлар тақдири ҳақида эмас. Бу — янги денгиз йўллари, стратегик хомашё, ҳарбий устунлик ва келажакдаги глобал таъсир учун рақобатдир. Шу маънода, Арктика дунё харитасидаги “совуқ нуқта”дан жаҳон сиёсатидаги энг қизғин майдонлардан бирига айланмоқда. Европа эса бу курашга кеч қўшилиб қолмаслик учун ўз стратегиясини тезлаштиришга мажбур.
Мусулмон Зиё, ЎзА