Эркин нафас жаллодлари
Замонавий тараққиёт ва табиат ўртасидаги мувозанат хавф остида. Инсоннинг атроф-муҳитга муносабати соғлиғимизга қандай таъсир қилмоқда? Нега касалликлар сони ортмоқда?
Бутун борлиқ яхлит бир тизимдан иборат. Коинот ҳам улкан қолип каби. Яшаш ҳам ана шу тизимнинг бир бўғини. Ҳар бир қатлам мувозанат устига қурилган. Мувозанат бузилса, ўз-ўзидан барча бўғинлар хавф остида қолади, дегани. Табиат ҳам мувозанат билан бутундир. Унга путур етса, барча жонзотлар зарар кўради. Хусусан, инсоният табиатнинг тожи саналади. Бироқ биз онага менгзаладиган шу табиат билан нақадар дўстмиз? Келинг, шу ҳақда одилона мулоҳаза юритайлик. Сўнгги йилларда технология ҳаётимизни қанчалик енгиллаштирмасин, тиббиёт ҳам нақадар жадал ривожланмасин, касалликлар сони ва салмоғи ҳам ортиб бормоқда. Олимлар тадқиқотларига кўра, ўтган аср бошлари ва ушбу аср аввалида туғилган кишиларнинг жисмониятида жиддий фарқлар кузатилмоқда.
Тирикликнинг муҳим таъминоти — нафасдир. Агар тоза ҳаводан эркин нафас олинса, организм ҳам ўзи учун зарур озуқа ва қувватни тўплайди. Ваҳолангки, тиб илмининг султони улуғ бобокалонимиз, қомусий олим Ибн Сино бежизга: “Чанг бўлмаса, одам минг йил яшайди”, – дея таъкидламаган.
Ушбу ҳикмат чуқур таҳлил этилса, бунинг замирида улкан илм ва муҳим огоҳлантириш мужассам эканига амин бўламиз. Келинг, энди бугунги ҳаётимизга шу мезонлар нуқтаи назаридан ёндашайлик.
Биз қанчалик табиат муҳофазаси ва мувозанатига масъулиятли бўлмоқдамиз? Агар мутахассислар фикрига қулоқ тутсак, улар бугунги жаҳон миқёсида, жумладан, мамлакатимизнинг айрим ҳудудларидаги экология билан боғлиқ салбий аҳволни нафақат технологик тараққиёт билан, балки табиатнинг ҳаётий муҳим унсурлари – ўсимликлар (дарахтлар), ҳайвонлар ва бошқа жонзотларга бўлган нотўғри муносабат оқибати эканлигини қайд этишмоқда. Инсон тафаккури нақадар теран бўлмасин, хатоларга мойил экани ҳам сир эмас. Шу маънода баъзи ҳаракатлари ўзига зарар келтириши мумкинлигини, нафақат ўзи, балки келажак авлод учун ҳам масъулиятсизлик ва таъбир жоиз бўлса, зулм эканини англаши қийин.
Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, ҳар биримиз ўз ҳаётимиз ва фарзандларимиз тақдирига бефарқ эмасмиз. Шундай экан, биз экология билан боғлиқ қандайдир рақамларга тўхталиб ўтиришни жоиз деб билмадик. Шунчаки муҳокамага тортилган масала нақадар долзарб эканлигини эслатмоқчи бўлдик,холос.
Хулоса ўрнида яна доно аждодлар ҳикматларига юзлансак. Қаноат – олиб келар барокат. Биз бугунги кунда эркин нафас олишимизга тўсқинлик қилаётган, дарахтларни аямай нобуд қилаётган айрим қаноатсизларга улар аввало ўз ҳаёти учун хавф туғдираётганини англатиб қўймоғимиз лозим. Зора эркин нафас жаллодлари болталарини вайронкорлик эмас, бунёдкорликка ишга солишса.
Зеро, олиб борилаётган изчил ислоҳотларимиз ҳам шу эзгу мақсадимиз нишонаси. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган янги Тошкент нафақат юртимиз учун улкан иншоот, балки экологик барқарор бўлган ҳудуд эканлиги билан ҳам қадрлидир.
Шербек Исломов, ЎзА