Ер участкалари масофадан туриб хусусийлаштирилиши мумкин
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида одамларга енгиллик яратиш, фуқароларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жисмоний ва юридик шахслар учун ўзларига тегишли қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган турар ва нотурар ер участкаларини (кўп қаватли уйлар бундан мустасно) белгиланган тартиблар асосида масофадан туриб хусусийлаштириш имкони яратилган.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асослари 2021 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни, Президентнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги мазкур қонунни амалга ошириш чора-тадбирларига оид қарори билан мустаҳкамланган.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзларига тегишли ер участкаларини, шунингдек, электрон онлайн-аукцион орқали сотиб олинган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, фуқаролар якка тартибдаги уй-жой, юридик шахслар эса нотурар бино-иншоотлари, яъни ўзларига тегишли кўчмас мулкнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали, ана шу бино-иншоотларга тегишли ер участкаларини ҳам хусусийлаштириб олиши мумкин (агар бино кадастрдан ўтмаган бўлса, ерни хусусийлаштириш мумкин бўлмайди).
Ерни хусусийлаштириш учун қанча тўланади?
Ер участкасини хусусийлаштириш учун тўлов миқдори ушбу ер учун ҳисобланган ер солиғининг 20 баробари этиб белгиланган. Тўлов амалга оширилгач, ваколатли давлат органи томонидан давлат ордери расмийлаштирилади. Мазкур ордер асосида кадастр органлари ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қонунчиликка мувофиқ ер участкасини хусусийлаштириш мутлақо ихтиёрий тартибда амалга оширилади. Бироқ мазкур имкониятдан фойдаланиш мулкдорга қатор ҳуқуқий ва иқтисодий афзалликларни тақдим этади.
Аввало, хусусийлаштирилган ер участкасига нисбатан тўлиқ мулк ҳуқуқи вужудга келади. Бу эса унинг бир қисмини ҳадя қилиш, сотиш, мерос қолдириш ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа фуқаролик-ҳуқуқий битимларни эркин амалга ошириш имконини беради.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, хусусийлаштирилган ер участкасини давлат фақат қонунчиликда белгиланган тартибда ва тегишли компенсация тўлаш шарти билан сотиб олиши мумкин.
Шунингдек, мулкдор ер участкасини қўшиш, бўлиш ёки ажратиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бундан ташқари, ер участкасидан гаров объекти сифатида фойдаланиш имконияти яратилади. Бу эса кредит маблағларини жалб қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Қонунчиликка кўра, жисмоний ва юридик шахслар ўзларига қонуний асосларда тегишли бўлган ер участкасини бевосита ўзлари хусусийлаштиради. Бундай ер участкалари аукцион савдоларига қўйилмайди ва бошқа шахсларга ўтказилмайди.
Айни пайтда «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ Андижон вилояти ҳудудий вакиллиги томонидан туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида кенг қамровли тарғибот ишлари изчил олиб борилмоқда. Жойларда семинарлар, учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, қонунчиликда белгиланган тартиблар, ер участкаларини хусусийлаштириш механизмлари ҳамда бу борадаги ҳуқуқий имкониятлар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилмоқда.
Бу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад фуқаролар ва юридик шахслар учун ерни хусусийлаштириш жараёнини янада соддалаштириш, уларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ҳамда амалий кўмак кўрсатишдан иборат.
Ер участкасини хусусийлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали онлайн мурожаат юбориш мумкин. Бу хизмат барча жараёнларни масофадан туриб, ортиқча вақт ва харажат сарфламасдан амалга ошириш имконини яратади.
Жамшидбек Исроилов,
“Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ
Андижон вилояти ҳудудий вакили.
ЎзА