Энг муҳими — Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш
Янги ўқув йили янги орзулар, янги мақсадлар ва янги марралар демакдир. Айниқса, олий таълим остонасини илк бор ҳатлаб ўтаётган ёшлар учун бу кун ҳаётидаги энг унутилмас саҳифалардан бири бўлиб қолади. Кечагина мактаб ўқувчиси бўлган йигит-қизлар бугун талаба мақомига эга бўлиб, катта ҳаёт, улкан имкониятлар ва масъулиятлар сари қадам қўймоқда.
Бухоро давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 2026-2027 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан ана шундай қувончли ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой тантанали тадбир бўлиб ўтди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган “Талабаликка бағишлов” тадбири ёшларнинг янги ҳаёт босқичига кириб келганини нишонлаш билан бирга, уларнинг олдида турган улкан вазифалар ва имкониятларни яна бир бор эслатди.
Тантанали маросимда институт жамоаси, профессор-ўқитувчилар, биринчи босқич талабалари, уларнинг ота-оналари, фахрий меҳмонлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Бухоро давлат педагогика институти ректори, профессор Баҳодир Маъмуров очиб, янги талаба бўлиш бахтига сазовор бўлган ёшларни самимий муборакбод этди.
Ректор ўз сўзида талабалик инсон ҳаётидаги энг масъулиятли, мазмунли ва унутилмас даврлардан бири эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, талаба бўлиш — фақат олий таълим муассасасига қабул қилинганлик ҳақидаги ҳужжатни қўлга киритиш эмас. Бу инсоннинг ўз олдига катта мақсадлар қўйиши, мустақил фикрлаши, касбий билим ва кўникмаларни эгаллаши, жамиятда ўз ўрнини топишга интилиши учун берилган улкан имкониятдир.
— Бугун институтимиз сафига қўшилган ҳар бир талаба — эртанги куннинг порлоқ келажагини яратувчи бунёдкор. Сизнинг билимга чанқоқлигингиз, ота-онангизнинг фидойилиги ва устозларингизнинг меҳнати келажакда юртимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдеворига айланади, — дея таъкидлади институт раҳбари.

Бу сўзларда бугунги талаба зиммасидаги масъулият, унинг ортида турган ота-она меҳри ва устозлар ишончининг ўзига хос уйғунлиги мужассам эди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов ҳам сўзга чиқиб, ёшларни янги ҳаёт босқичига қадам қўйганлари билан самимий табриклади. У ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, замонавий таълим олиш учун шакллантирилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб, талабалик йилларини мазмунли ўтказиш, устозлардан пухта билим олиш, илм-фан ва маърифат йўлида изланиш, келгусида Ватан равнақи ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ғоятда муҳимлигини таъкидлади.

Бугун мамлакатимизда таълим ва ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касб ва мутахассисликларни эгаллаши, илм-фан ва инновация соҳаларида ўз иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий таълим муҳити шакллантирилаётгани, ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган тизимли ишлар изчил давом эттирилаётгани ҳам ана шу эътиборнинг амалий ифодасидир. Бухоро давлат педагогика институтидаги бугунги муҳит ҳам ана шу кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Зеро, мамлакат келажаги қандай бўлиши кўп жиҳатдан бугун таълим олаётган ёшларнинг билими, дунёқараши, касбий маҳорати ва Ватан тақдирига бўлган дахлдорлик ҳиссига боғлиқ.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари эса институтга энг юқори баллар билан ўқишга қабул қилинган иқтидорли ёшларни тақдирлаш маросимида намоён бўлди.

2026-2027 ўқув йилида давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Бухоро давлат педагогика институти талабаси бўлган ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари алоҳида эътироф этилди.
Бу эътироф — фақат бир кунлик қувонч эмас. У ёшларнинг меҳнати, тиришқоқлиги ва билимга бўлган интилишининг муносиб баҳосидир. Айниқса, иқтидорли ёшларга рамзий “Билимлар калити”нинг топширилиши тадбирга ўзига хос маъно бағишлади. У — билим эшикларини очиш, илм-фан оламига дадил кириш, янги имкониятларни кашф этиш ва Ватан тараққиёти йўлида ўз ўрнини топиш тимсоли сифатида талқин этилди.

Қўлида “Билимлар калити”ни маҳкам тутган ёшларнинг нигоҳларида эса қувонч билан бирга катта мақсадларга интилиш, келажакка ишонч ва ўз кучига бўлган ишончни кўриш мумкин эди.
Илмга садоқати, тиришқоқлиги ва юксак интилишлари билан ажралиб турган талабалар институт раҳбарияти томонидан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ота-оналар учун эса бу лаҳзалар фарзандининг йиллар давомида қилган меҳнати самарасини кўриш, унинг янги ҳаёт босқичига қадам қўяётганидан фахрланиш бахти бўлди.
Бухоро давлат педагогика институтидаги бугунги тантананинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу даргоҳда эртанги авлод тарбиячилари — педагоглар тайёрланади. Шу маънода, бугун институт остонасидан кириб келган ҳар бир талаба келажакда юзлаб, минглаб ўқувчилар қалбига йўл топадиган, уларга билим берадиган ва ҳаёт йўлини белгилашда кўмаклашадиган устоз бўлиши мумкин.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари