Мустақиллик — қалбдан бошланади
Инсон ҳаётида шундай саналар борки, улар тақвимдаги оддий сана эмас, балки бутун бир халқнинг тақдири, орзу-интилишлари ва келажакка ишончини ўзида мужассам этади. Мустақиллик ана шундай буюк қадриятдир.
Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўли Ўзбекистон учун улкан ўзгаришлар, изланишлар ва янгиланишлар даври бўлди. Айниқса, сўнгги ўн йилга яқин вақт мобайнида мамлакатимиз ҳаётида юз берган туб ўзгаришлар Янги Ўзбекистон ғоясини амалиётга айлантириб, халқимиз тафаккури ва ҳаёт тарзида ҳам янги босқични бошлаб берди.
Бухоро давлат педагогика институтида янги ўқув йилини кўтаринки руҳда бошлаган 1-босқич талабалари учун ана шу улуғ жараёнларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англашга хизмат қиладиган маънавий-маърифий тадбир — “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Мустақиллик дарслари” ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимов ҳамда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров талаба-ёшларга маъруза қилди.

Бу оддий дарс эмас, балки ёш авлодни Ватан тарихи, бугунги ислоҳотлар ва эртанги мақсадлар билан боғлайдиган ўзига хос маънавий мулоқот бўлди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш, халқнинг муносиб ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратиш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда Ўзбекистонни замонавий, рақобатбардош давлат сифатида тараққий эттиришга қаратилди.
“Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил давлат сиёсатида устувор йўналишга айланди. Давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, маҳалла ва бошқа соҳаларда янги ёндашувлар жорий этилди.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бугун бу ислоҳотлар “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида янги босқичда давом этмоқда. Стратегияда инсон салоҳиятини ривожлантириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш, экологик барқарорликка эришиш, адолатли ва самарали давлат бошқарувини шакллантириш каби устувор вазифалар белгилаб берилган.
Энг муҳими, бу ислоҳотлар қоғоздаги мақсадлар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Улар одамларнинг кундалик ҳаётида, маҳаллалар қиёфасида, таълим муассасаларида, янги иш ўринларида, замонавий корхоналарда, тиббий хизматлар сифатида ва ёшлар учун яратилаётган имкониятларда намоён бўлмоқда.

Маҳаллага эътиборнинг кучайиши ҳам Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг муҳим жиҳатларидан биридир. 2026 йил учун белгиланган устувор вазифаларда маҳаллаларда минглаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли муаммоларини жойида ҳал этишга алоҳида урғу берилган.
Ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири таълим соҳасидир. Чунки замонавий давлатни қуриш учун, аввало, замонавий фикрлайдиган, билимли, ташаббускор ва ватанпарвар авлод керак. Шу боис мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган тизимда таълим сифати ва қамровини ошириш, ёшларга замонавий билим ва касбларни эгаллаш имконини бериш, илм-фан ва инновацияни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Бугун мамлакатимиз ёшлари учун хорижий тилларни ўрганиш, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, муҳандислик, тадбиркорлик ва бошқа замонавий йўналишларда билим олиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Айниқса, педагог кадрлар тайёрлашга бўлган эътибор алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, мактабдаги ҳар бир ислоҳотнинг муваффақияти, аввало, ўқитувчининг билими, дунёқараши ва касбий маҳоратига боғлиқ.

Шу маънода, Бухоро давлат педагогика институти талабалари олдида турган вазифа оддий эмас. Бугун улар аудиторияда билим олаётган бўлса, эртага мактабларда янги авлодни тарбиялайди. Демак, бугунги талабанинг дунёқараши — эртанги жамият қиёфаси демакдир.
Маърузалар давомида мустақилликнинг тарихий аҳамияти, миллий қадриятларимиз, халқимизнинг озодлик ва фаровон ҳаёт сари босиб ўтган мураккаб йўли ҳақида сўз юритилди.
“Мустақиллик дарслари”да ёшларнинг Ватанга садоқат, миллий ғурур ва тарихий хотира туйғуларини янада мустаҳкамлаш, уларда юрт келажагига дахлдорлик ҳиссини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тинчликнинг қадрини билиш, юрт равнақига бефарқ бўлмаслик, ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиш, берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш — бугунги ёшлар олдида турган энг муҳим вазифалар экани таъкидланди.
Зеро, Ватанпарварлик фақат баландпарвоз сўзлар билан эмас, балки билим, меҳнат, ҳалоллик ва масъулият билан намоён бўлади.
Яхши ўқиш, танлаган касбини пухта эгаллаш, янги ғоялар яратиш, жамиятга наф келтирадиган мутахассис бўлиш — Ватанга хизматнинг энг муносиб кўринишларидандир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари