Энергетика вазири Сирдарё вилоятида энергетика объектларидаги ишларни ўрганди
Энергетика вазири Шерзод Хўжаев Сирдарё вилоятида энергетика объектларида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг жорий ҳолати ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан танишди.
Ишчи ўрганиш чоғида республика энергетика тизими учун муҳим аҳамиятга эга бўлган “Янгиер” компрессор станциясини модернизация қилиш доирасида бажарилган ишлар кўздан кечирилди. Лойиҳа Тошкент шаҳри ҳамда водий ҳудудларини табиий газ билан барқарор таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Боёвут туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида электр таъминоти барқарорлигини таъминлашга қаратилган лойиҳанинг бориши билан ҳам танишилди. Айни пайтда бу ерда 220/110/10 кВ кучланишли “Гўзал” подстанциясини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида подстанцияга 2 та 110 кВ кучланишли ячейка ўрнатилади. Шунингдек, икки занжирли, узунлиги 6,6 километр бўлган 110 кВли электр узатиш тармоғи барпо этилади. Бундан ташқари, қуввати 2×40 000 кВА бўлган 110/35/10 кВ кучланишли янги подстанция қурилади.
Мазкур ишлар “Янги Ўзбекистон” массивининг ташқи электр таъминоти имкониятларини кенгайтириш, электр энергиясини узатишда ишончлиликни ошириш ва истеъмолчиларни барқарор таъминот билан таъминлашга қаратилган.
Сайхунобод туманида “Фаровон” МФЙ ҳудудидаги кичик саноат зонасининг ташқи электр таъминотини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилди. Бу ерда 52,3 километр узунликдаги 110 кВли электр узатиш тармоғи ҳамда 2×40 000 кВА қувватга эга 110/35/10 кВ кучланишли подстанция қурилмоқда.
Айни пайтда подстанциянинг қурилиш қисми тўлиқ якунланган бўлиб, электр узатиш тармоғининг 49,11 километрида сим тортиш ишлари бажарилган.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, объектлардаги ўрганишлар давомида уларни куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш, қурилиш-монтаж ишларини тасдиқланган график асосида сифатли ва ўз вақтида якунлаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ҳамда истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Масъулларга белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, лойиҳаларни ўз вақтида якунлаш ва аниқланган масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА