“Қўйлиқ” бозорида шароитлар яхшиланмоқда
Мўл ҳосил бозорларга арзончилик олиб киради. Деҳқон ва харидор учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш қанчалик муҳим? Пойтахтдаги бир бозор мисолида бу ўзгаришларни кўриб чиқамиз.
Бу йилги деҳқончилик мавсуми бободеҳқонларимизга қулай ва сермаҳсул келди. Об-ҳаво ўз саховатини аямади. Деҳқончилик учун кенг майдонлар ажратилиши, аграр тармоқдаги ислоҳотлар бозорларимизнинг тўкислигини таъминламоқда. Тўғри, қайсидир бир маҳсулот қимматлаган бўлиши мумкин, лекин аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун мева-сабзавотлар нархлари барибир бозорларимизда арзон.
Саховатли заминимиз тортиқ қилган куз неъматларидан халқимизни баҳраманд қилиш, бозорларимизда нархлар мўътадиллигини таъминлаш мақсадида фермерларимиз ўзлари етиштирган маҳсулотларини “даладан дастурхонга” тамойили асосида арзон нархларда пойтахт савдо расталарига олиб келишлари учун ҳам бозорлар ислоҳ қилинмоқда.

Масалан, “Қўйлиқ” деҳқон бозори Бектемир туманининг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётидаги марказларидан бири. Бу ерда ҳар куни харидорлар, сотувчилар ва деҳқонлар учрашади. Шу боис, савдо-сотиқ қулай ва хавфсиз шароитда амалга оширилиши, маҳсулотлар эса санитария талабларига жавоб бериши муҳим аҳамиятга эга.
Бозорда кейинги йилларда катта қурилишлар босқичма-босқич олиб борилди. Бу ишларни режалаштиришда аҳоли ва савдо иштирокчиларининг мурожаатлари, шунингдек, автотураргоҳ ҳамда ҳудудга кириб-чиқиш қулайлиги масалалари инобатга олинди. Ҳудудга видеокузатув камералари ўрнатилди. Санитария талабларига риоя этилиши бўйича текширувлар ва фитосанитария назорати мунтазам ўтказилмоқда. Сотувчилар ўртасида бу борада доимий равишда тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Харидорлар учун турли тўлов усулларидан фойдаланиш имконияти яратилган.

–Шароитлар яхши эмас эди, қор-ёмғирларда соябон қўйиб ўтирар эдик, – дейди ушбу бозор сотувчиси Юлдуз Қодирова. – Таъмирдан кейин жойлар ёруғ, кенг бўлди, харидорларга ҳам қулай бўлди.
–Жудаям чиройли шароитларга эга бўлдик, – дейди яна бир сотувчи Фотима Абдуҳамидова. – Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб турган Президентимизга катта раҳмат.

Хуллас бозордаги ким билан гаплашмайлик яратилган шароит ва тадбиркорларга берилаётган имкониятлардан мамнун. Йўлаклар кенг бўлгани аҳолига ҳам қулайлик яратмоқда.
–Расталарнинг барчаси янгидан қилинди ва рақамлаштирилди, – дейди “Қўйлиқ” деҳқон бозори назоратчиси Маҳмуд Ҳусанов. – Асфальт қилиниб, автотураргоҳ майдони кенгайтирилди, кузатув камералари ўрнатилди. Томларимиз янгиланди. Биз бу ишлар билан тўхтаб қолмаймиз. Тадбиркор ва деҳқонларимизга қулай шароитларни яратишда давом этамиз.

Албатта, бу чора-тадбирларнинг барчаси бозорга келувчилар ва сотувчиларнинг фаолияти учун янада қулай ҳамда хавфсиз шароит яратиш, шунингдек, аҳолининг озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари, жумладан, деҳқончилик маҳсулотларига бўлган талабини узлуксиз қондиришга қаратилган.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА