Эл-юрт манфаати йўлидаги хизматлари эътироф этилди
Инсон меҳнатини қадрлаш, унинг фидойилиги ва ташаббусини муносиб рағбатлантириш — тараққиётнинг энг муҳим мезонларидан биридир. Зеро, юрт равнақи, халқ фаровонлиги ва жамият тараққиёти замирида, аввало, сидқидилдан меҳнат қилаётган инсонларнинг эзгу интилишлари мужассам.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ана шундай юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати яна бир бор эътироф этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига мувофиқ, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, турли соҳаларда самарали меҳнат қилган бир гуруҳ фидойи ва ташаббускор юртдошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланишди.
Қувонарлиси, юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида 22 нафар бухоролик ҳам бор. Улар давлат хизмати, ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий соҳа, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа йўналишлардаги кўп йиллик самарали меҳнати, касбига садоқати, ташаббускорлиги ҳамда юрт тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссалари учун давлат мукофотларига муносиб кўрилди.
Вилоят ҳокимлигида ушбу фидойи инсонларни шарафлашга бағишланган тантанали тадбирда уларнинг меҳнати, ҳаётий тажрибаси ва эл-юрт манфаати йўлидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов давлатимиз раҳбари ташаббуслари ва раҳнамолигида мамлакатимизда, хусусан, Бухоро вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ва янгиланишлар хусусида тўхталди.
Бугун Бухоро нафақат тарихий ва маданий мероси, балки иқтисодий салоҳияти, замонавий инфратузилмаси, янги ишлаб чиқариш корхоналари ва инсон манфаатига йўналтирилган ислоҳотлари билан ҳам янги тараққиёт босқичини бошдан кечирмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 275 мингта янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, аҳолининг камбағаллик даражаси ўтган йилнинг шу давридаги 6 фоиздан 2 фоизга қисқартирилди. Бу рақамлар ортида минглаб оилаларнинг ҳаёти ўзгариб, янги имкониятлар эшиги очилаётгани, инсонларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланаётгани мужассам.

Айни пайтда вилоятда 336 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда.
Йўл ва транспорт инфратузилмасини яхшилашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи умумий фойдаланишдаги ҳамда ички хўжалик автомобил йўлларида 500 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш йўналишида эса 198 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди.
Инсон қадрини юксалтиришнинг муҳим кўринишларидан яна бири — муносиб уй-жой шароитларини яратишдир. Шу мақсадда 2026 йилда вилоятда 7 минг хонадонга мўлжалланган 128 та кўп қаватли турар жой биноси барпо этилмоқда.

— Албатта, барчамизни хурсанд қиладиган бундай ўзгаришлар минг-минглаб оилалар ҳаётига шодлик ва бахт олиб келмоқда. Шу билан бирга, Юртбошимиз ташаббуслари билан вилоятимизда бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгайиб бормоқда, — деди Ботир Зарипов.
Бугун вилоятда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар Бухоронинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда.
Туризм мажмуаси, янги халқаро аэропорт биноси, Бухоро давлат университетининг янги кампуси, “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат парки каби йирик объектларда ишлар юқори суръатда олиб борилмоқда. Бу лойиҳаларнинг ҳар бири замирида янги иш ўринлари, замонавий таълим ва хизмат кўрсатиш имкониятлари, инвестициялар, янги касблар ва энг муҳими, инсонлар учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш мақсади мужассам.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар Бухорода ҳам изчил ва амалий натижалар билан намоён бўлмоқда.
Вилоят иқтисодиётининг муҳим таянчларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигида ҳам самарали меҳнат ва изчил ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда.
Давлатга пилла ва дон сотиш бўйича шартномавий режалар республикада биринчилардан бўлиб ортиғи билан бажарилди. Пахтакорлар ҳам юқори маррани кўзлаб, баракали меҳнат қилмоқда.
Иссиқхона хўжалиги, боғдорчилик, сабзавот-полизчилик, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишларида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда. Бу ютуқларнинг барчаси, аввало, ерга меҳр, касбга садоқат ва эл ризқини кўпайтиришдек эзгу мақсад билан меҳнат қилаётган инсонлар самарасидир.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида нишонланаётган истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами нафақат босиб ўтилган шарафли йўлни сарҳисоб қилиш, балки Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни яна бир бор намоён этиш айёмига айланмоқда.
Бугун юртимизда бунёд этилаётган янги мактаб ва шифохоналар, замонавий уй-жойлар, корхона ва инфратузилма объектлари, обод маҳаллалар — халқ ҳаётидаги янгиланишларнинг ёрқин ифодасидир.

Шу маънода, 22 нафар бухороликка топширилган давлат мукофотлари оддий тақдирлаш маросими эмас. Бу — бутун бир меҳнаткаш авлодга, ўз касби ва Ватанига садоқат билан хизмат қилаётган минглаб инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва ишончнинг рамзидир.
Вилоят раҳбари тадбирда давлат мукофотларига муносиб кўрилган юртдошларни самимий муборакбод этиб, уларга келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилади.
— Инсон меҳнати қадрланган, унинг манфаатлари улуғланган юртда Ватан тараққиёти йўлида меҳнат қилган, Учинчи Ренессансни барпо этишга ўз ҳиссасини қўшаётган ҳар бир шахс қадр топади. Давлат мукофоти — бу нафақат меҳнатга берилган юксак баҳо, балки инсонни янги марралар сари руҳлантирадиган катта эътироф ва масъулиятдир, — деди вилоят ҳокими.
Шундан сўнг юксак давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар билдирилган юксак ишонч ва эътироф учун Президентимизга самимий миннатдорликларини изҳор этиб, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги ва юрт тараққиёти йўлидаги фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидлади.

Зеро, мукофот — меҳнатнинг якуни эмас, янги масъулият ва янги марралар бошланишидир. Бугун давлат мукофоти билан тақдирланган 22 нафар бухороликнинг ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти ва эл-юрт олдидаги хизматлари ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида янграётган эътирофлар эса бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: инсон қадр топган юртда меҳнат қадрланади, меҳнат қадрланган юртда эса тараққиёт ва фаровонлик барқарор бўлади.
Янги Ўзбекистоннинг янги тарихи ана шундай фидойи инсонларнинг ҳалол меҳнати, эзгу ташаббуслари ва Ватанга садоқати билан битилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири