Экспорт тартиб-таомиллари ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб 26-27 март кунлари Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга амалга оширган ташрифининг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Айниқса, олий даражадаги музокаралар ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиши таъкидланди.
Депутатлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш бўйича эришилган келишувларга алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини сезиларли ошириш режалари муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шунингдек, имзоланган қатор ҳужжатлар, жумладан, қўшма баёнот, соҳалар кесимидаги келишувлар ва “йўл хариталари”нинг амалий аҳамиятига тўхталиб ўтилди. Уларнинг ижроси икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаши қайд этилди.
Фракция аъзоларининг таъкидлашича, икки давлат раҳбарларининг ушбу учрашуви савдо ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, транспорт ва энергетика соҳаларида барқарорликни таъминлаш, шунингдек, халқлар ўртасидаги яқинлик ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса нафақат Ўзбекистон ва Тожикистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиёт учун мустаҳкам асос яратади.
Йиғилишда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига экспорт тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига биноан олиб чиқиладиган буюмлар ва маҳсулотларни экспорт қилишга доир рухсатнома бериш тартибини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Таъкидланганидек, белгиланаётган нормалар маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, экспортдаги мавжуд чекловларни бартараф этиш, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА