Экопартия юридик университет билан ҳамкорликни йўлга қўйди
Ўзбекистон Экологик партияси ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур шериклик табиатни асраш ғоясини мустаҳкам ҳуқуқий замин билан бирлаштирувчи муҳим қадам бўлди.
Ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросимида партия ва университет раҳбарлари бугунги кунда экологик масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, бу йўналишда ҳамкорликдаги вазифалар долзарблигини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, Экопартия ва университет ҳамкорлиги биринчидан, экология ва иқлим ўзгариши соҳасидаги қонунчиликни илмий-ҳуқуқий асосда такомиллаштириш, экологик ташаббусларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда муҳим ўрин тутади.

Иккинчидан, ушбу ҳамкорлик натижасида экологик ҳуқуқ, иқлим ҳуқуқи ва барқарор ривожланиш йўналишларида амалий тажрибага эга янги авлод юристлари етишиб чиқади. Талабалар партия ва экологик ташкилотларда амалиёт ўтайди.

Учинчидан, ёшлар онгида экологик маданият мустаҳкамланади, тарғибот кучаяди ва фуқароларнинг табиатга бўлган масъулияти ошади.
Учрашувда таъкидланганидек, Экологик партия экологик сиёсат ва жамоатчилик манфаатларини ифодаласа, юридик университет мазкур ташаббусларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратади. Шу маънода ушбу меморандум аниқ режалар ва қўшма дастурлар орқали ўз самарасини беради. Шунингдек, экологик мақсадларни амалга ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади.

М.Комилова, ЎзА