Экологик самарадор технологиялардан фойдаланиш вақти келди
Бугун ҳаётимизда турли экологик муаммолар кенг авж олиб бораётган экан, соҳада замонавий ҳамда самарали технологиялардан фойдаланиш орқали экологик масалаларга ечим топиш лозим бўлади.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши, Андижон вилояти Кенгаши вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўзбек Юсупов Улуғнор туманида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган экологик ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар билан танишди.
Партия вакиллари «Нуробод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 120 та хонадон томорқаларини суғориш, шунингдек, фермер хўжаликларини доимий сув билан таъминлаш мақсадида мавжуд тупроқ ўзанли ариқларни бетонлаштириш ишларини кўздан кечирди.
Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа доирасида туман ҳудудида жами 8 минг метрдан зиёд ариқларни бетонлаштириш режалаштирилган. Улуғнор тумани бўйича эса 2026 йил давомида жами 27 минг 800 метр ариқни бетонлаштириш кўзда тутилган.

Ариқларни бетонлаштириш орқали суғориш тармоқларида сув йўқотилишининг олдини олиш, мавжуд сув ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланиш ҳамда аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларини сув билан таъминлаш барқарорлигини ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, депутат ва партия вакиллари ушбу маҳалла ҳудудида 2,1 гектар майдонда жойлашган иссиқхона фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур ер майдони ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ва ёшларга ажратилган бўлиб, ундан самарали фойдаланиш йўлга қўйилган.
Хусусан, «Қосимов Жасурбек ЯТТ» томонидан 30 сотих ер майдонида интенсив қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Хўжаликда бир йил давомида уч марта помидор етиштириш йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир мавсумда ўртача 250 миллион сўмлик ҳосил олиш имконияти яратилган.
Иссиқхонада сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилгани таҳсинга лойиқ. Тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, бу усул сувни меъёр асосида етказиб бериш, сув сарфини камайтириш ҳамда етиштирилаётган маҳсулот ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Замонавий, ресурс тежамкор ва экологик самарадор технологияларни кенг жорий этишга қаратилган лойиҳалардан самарали фойдаланиш сув ресурсларини тежаш ва қишлоқ хўжалигида экологик барқарор ишлаб чиқаришни ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА