16 та хонадонда ёмғир сувини йиғиш ва сақлаш тизимлари ўрнатилмоқда
Сув танқислиги муаммоси кучайиб бораётган айни пайтда мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга. Айниқса, ёмғир сувларини тўплаш ва ундан қишлоқ хўжалигида, томорқа ерларини суғориш ва бошқа техник мақсадларда фойдаланиш сув тақчиллигини юмшатишда муҳим ўрин тутади.
Бу борада бир қатор ташаббуслар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Бахмал ва Қўшработ туманларида ёз ойларида кузатиладиган сув танқислигига амалий ечим сифатида ёмғир сувларини йиғиш ва тежамкор суғориш технологияларини жорий этишга қаратилган янги ижтимоий лойиҳа бошланди.
Бу ҳақда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа доирасида 16 та эҳтиёжманд оила хонадонида ёмғир сувини йиғиш ва сақлаш тизимлари ўрнатилиб, йиғилган сув томорқаларни томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришда ишлатилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир хонадонда йилига Бахмалда 44 тоннагача, Қўшработда эса 38 тоннагача ёмғир сувини йиғиш мумкин.
Ушбу ташаббус Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда "Қишлоқ туризми ва яшил иқтисодиёт" уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши сув ресурсларини асраш билан бирга, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши, маҳсулот етиштириши ва қўшимча даромад олишига ҳам хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА