Экологик назорат: ҳуқуқбузарликни аниқлашдан унинг олдини олишгача
Оддий бир кўчатнинг серсоя дарахтга айланиши учун 10, баъзан эса 20 йил талаб этилади. Экотизимга етказилган зарарни бартараф этиш эса асло осон кечмайди, бир неча дақиқалик қонунбузарлик оқибатларини ўнглаш учун ўнлаб йиллар керак бўлиши мумкин. Шу боис, экологик назорат соҳасидаги энг тўғри ва самарали йўл, ҳуқуқбузарлик содир бўлишини кутиб ўтирмасдан, унинг барвақт олдини олиш ва бунга мутлақо йўл қўймасликдир.
Бугун Ўзбекистонда экологик назорат тизимида айнан шу ёндашув кучаймоқда. Илгари инспектор асосан объектга бориб, ҳолатни кўздан кечирган бўлса, энди назоратда замонавий технология, автоматик мониторинг ва олдиндан прогноз қилиш усулларидан кенгроқ фойдаланилмоқда.
Бунинг учун эса қайси ҳудудда, қачон ва қандай экологик муаммо кўпроқ учрашини билишнинг ўзи муҳим аҳамиятга эга.
Масалан, ёз ойларида буғдой ўриб олинганидан кейин сомонни ёқиш ҳолатлари кўпайиши мумкин. Шундай пайтда инспектор қонунбузарлик содир бўлганидан кейин ҳаракат бошлаши эмас, уни олдини олиш учун далаларда назоратни кучайтириши керак. Йиғим-терим бошланишидан олдин фермерлар билан тушунтириш ишларини олиб бориш самаралироқ.
– Экологик ҳуқуқбузарликларнинг қарийб 80 фоизини мавсум ва ҳудудга қараб олдиндан прогноз қилиш мумкин, – дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси Экололиция бошқарма бошлиғи Хуршид Пириев. – Масалан, қишда ноқонуний ов ва балиқ овлаш, кузда дарахт барглари ҳамда чиқиндиларни ёқиш, айрим ҳудудларда эса чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатлари муайян вақт ва жойларда такрорланиб туради. Шунинг учун назорат ишларини ҳам ана шу нуқталарга қаратишга ҳаракат қиламиз.
Бу ёндашув назоратнинг мазмунини ҳам ўзгартирмоқда. Энди асосий мезон фақат қанча ҳуқуқбузарлик аниқлангани эмас, балки қанча ҳуқуқбузарликнинг олди олингани билан ҳам белгиланади.
– Албатта, катта ҳудудни бир вақтнинг ўзида назорат қилиш, бориш қийин бўлган жойлардаги экологик ҳолатни кузатиш учун инспекторнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун замонавий технологиялардан, масофавий кузатув ва бошқа рақамли воситалардан самарали фойдаланиш зарур. Шу мақсадда “Ўзкосмос” билан ҳамкорликда дрон ва бошқа замонавий техник воситалардан фойдаланишни йўлга қўймоқдамиз. Бу орқали назорат ҳудудларини кенгайтириш, ҳолатни масофадан кузатиш ва ҳуқуқбузарлик аниқланган нуқтага тезроқ етиб бориш имконияти пайдо бўлади, – дейди Хуршид Пириев.
Технологиялардан фойдаланиш фақат ҳудудни кузатиш билан чекланмайди. Масалан, атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар устидан назоратда ҳам шу ёндашув ўзгармоқда.
Илгари корхоналардан атмосферага чиқарилаётган чиқинди миқдори лаборатория текшируви орқали ойига ёки чоракда бир марта аниқланар, натижа эса текширув ўтказилган вақтдаги ҳолатни кўрсатар эди. Энди корхоналарда автоматик станция ва датчиклар ўрнатилиб, ҳавога чиқарилаётган чиқиндиларни онлайн кузатиш имконияти пайдо бўляпти.
Экология ва иқлим ўзгариши қўмитасининг маълум қилишича, автоматик мониторинг тизими корхоналар билан онлайн вазият маркази орқали интеграция қилинади. Меъёрдан ортиқ чиқинди аниқланганида, тегишли чора кўриш учун корхона билан тезкор алоқа ўрнатилади.
2025 йилда экологик ҳуқуқбузарликлар сони 59 мингдан ошган. Бир қарашда бу рақам табиатга нисбатан қонунбузарлик кўпайганини англатгандек туюлади. Аммо статистикани назорат имкониятининг кенгайиши билан бирга баҳолаш керак.
Хуршид Пириев тушунтиришича, ҳуқуқбузарликлар сонининг кўпайиши, аввало, назоратнинг кучайгани билан боғлиқ. Ҳозир экологик ҳуқуқбузарликларни фақат қўмита аниқламаяпти. Бундан ташқари, ички ишлар органлари ва Миллий гвардияга берилган айрим ваколат доирасида ҳам ҳуқуқбузарликни аниқлаш имкони бор. Шунингдек, жамоатчилик назорати ҳам анча кучайган. Оддий фуқаро ҳам экологик қонунбузарлик ҳақида хабар бериши мумкин. Замонавий назорат усулларининг жорий этилиши эса аввал кўздан четда қолган ҳолатларни ҳам аниқлаш имконини бермоқда.
Шунинг учун статистикадаги ўсишни ҳар доим ҳам экологик вазият ёмонлашганининг белгиси сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Назорат қанча яхши ишласа, аввал аниқланмай қолган ҳуқуқбузарликлар ҳам шунча кўпроқ кўзга ташланади.
Шундай қилиб, назоратнинг кейинги вазифаси уни такрорлашга сабаб бўладиган омилларни камайтириш ва қонунбузарлик содир этишга қизиқишни пасайтириш. Шу нуқтаи назардан, экологик қонунчиликда молиявий санкцияни кучайтиришга қаратилган янги ёндашув пайдо бўлмоқда. 2026 йил май ойида қабул қилинган тегишли қонун билан юридик шахсларга нисбатан экологик зарарни ҳисобга олган ҳолда молиявий санкция қўллашнинг олти йўналиши белгиланди. Қонун жорий йил август ойидан кучга кирди.
Эътиборлиси, бу механизм фақат жазолаш воситаси сифатида кўрилмаяпти. Масалан, бизнес субъекти биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этса, унга дарҳол молиявий санкция қўлланмайди. Камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муҳлат берилади. Бу тадбиркорни жазолашдан кўра, қонунбузарликни тезроқ бартараф этишга ундашга қаратилган.
Табиатни муҳофаза қилиш фақат назорат органларининг вазифаси бўлиб қолмайди. Фуқаролар экологик маданияти, тадбиркорлар масъулияти, маҳалладаги муносабат ва жамоатчилик назорати ҳам натижага таъсир қилади. Шунинг учун аҳоли билан тушунтириш ишлари, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот, инспекторларнинг фуқаро билан суҳбатлари, семинар ва тренинглар ҳам экологик назоратнинг бир қисмига айланиб улгурди.
Шу маънода экологик назоратдаги бугунги ўзгаришни битта жумла билан ифодалаш мумкин. Инспектор ҳуқуқбузарлик содир бўлган жойга етиб боришини кутишдан кўра, унинг қаерда ва қачон содир бўлиши мумкинлигини олдиндан билиш муҳимроқ бўлиб бормоқда.
Дронлар ҳудудни кузатади, датчиклар ҳавони назорат қилади, онлайн тизимлар маълумотни узатади, фуқаролар хабар беради. Инспектор эса шу маълумотлар асосида аниқ нуқта ва аниқ муаммо билан ишлайди.
Табиатни асрашда энг катта натижа эса қанча жарима ундирилганида эмас, қанча зарарнинг олди олинганида кўринади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА