Бухорода Франция маданияти кунлари ўтказилади
Бухоро — Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини бир-бирига боғлаб турган, асрлар давомида илм-фан, маданият ва маърифат мулоқотига хизмат қилган ноёб шаҳар. Бугун бу қадимий заминда дунёнинг турли мамлакатлари билан янги ҳамкорлик кўприклари барпо этилмоқда. Энди Бухоро кўчаларида француз маданиятининг нафаси, санъати ва мусиқаси янграши, икки халқ ижодкорлари ва зиёлиларининг бир майдонда мулоқот қилиши кутилмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фук Уалид билан учрашиб, икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқотда Бухоро вилояти ва Франция ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, маданият, санъат, таълим, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва мулоқотни кенгайтириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Учрашувда жорий йил октябрь ойида Бухорода Франция маданияти кунларини ўтказиш ташаббуси алоҳида муҳокама қилинди. Бу оддий маданий тадбир эмас, балки икки халқни санъат, тарих, адабиёт, илм-фан ва ижод орқали янада яқинлаштирадиган катта маданий мулоқот майдони бўлиши кўзда тутилмоқда.
Тадбир доирасида француз халқининг бой маданий мероси, тасвирий ва амалий санъати, мусиқаси, кинематографияси, адабиёти, илмий ютуқлари ҳамда замонавий ижод намуналарини Бухоро аҳолиси, ёшлар, зиёлилар ва шаҳарга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳларга намойиш этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, маданият кунлари доирасида илмий конференциялар, концерт дастурлари, кўргазмалар, кино намойишлари, ижодий учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва маданият ҳамда санъат вакиллари иштирокида турли маданий лойиҳаларни ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Энг муҳими, бу тадбирларни Бухоронинг бетакрор тарихий муҳити билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, асрлар қаъридан сўзлаб турган қадимий шаҳар муҳитида Франция маданиятининг намуналарини намойиш этиш икки буюк маданиятнинг ўзига хос уйғунлигини намоён этади.
Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Бухоронинг эса бу жараёндаги имкониятлари ниҳоятда кенг.
Музокараларда икки халқнинг маданий ўхшашликлари, тарихий мероси, санъатга муносабати ва дунёқарашини акс эттирувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Бундай тадбирлар орқали нафақат француз санъати ва маданияти Бухоро аҳлига яқинлашади, балки Бухоронинг ўзи ҳам Франция жамоатчилиги учун янада кенгроқ танилишига имконият яратилади.
Айниқса, ёшлар ўртасидаги мулоқотга алоҳида аҳамият берилди. Таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, француз тилини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, талабалар, ёш ижодкорлар ва маданият соҳаси вакиллари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан фикрлар билдирилди.
Зеро, бугун дунёда халқларни бир-бирига энг тез яқинлаштирадиган кучлардан бири — ёшлар мулоқоти, илм-фан ва маданиятдир.

Музокараларда маданий ҳамкорликни туризм соҳаси билан уйғунлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бухоронинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, илм-фан ва маданий алоқалар марказларидан бири бўлиб келгани уни халқаро туризм учун ўзига хос жозибадор масканга айлантирмоқда.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий обидалар, Арк қўрғони, Пойи Калон мажмуаси, Лаби Ҳовуз сингари бетакрор масканлар, қадимий меъморлик анъаналари ва бой маданий мерос француз сайёҳларида катта қизиқиш уйғотиши табиий. Шу боис Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятини Францияда кенг тарғиб қилиш, француз сайёҳларини вилоятга жалб этиш, маданий маршрутлар ва янги туристик дастурларни ишлаб чиқиш борасида ҳамкорликни кучайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу эса Франция маданияти кунларини фақат бир неча кунлик тадбир эмас, балки келгусида туризм, таълим, инвестиция ва маданий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган узоқ муддатли ҳамкорлик платформасига айлантириш имконини беради.
Учрашув давомида Франция элчиси Бухоро шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.

Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан маъмурий марказ қиёфасини замонавий талаблар асосида янгилаш, вилоят ҳокимлиги биносида амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари меҳмон эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, вилоятда аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ишсизликни бартараф этиш борасида йўлга қўйилган тизимли ишлар, жумладан, рақамли штаб фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Бу жараёнлар Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини — инсон қадрини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиш каби устувор вазифаларни ўзида мужассам этмоқда.
Бухорода бугун бунёдкорлик билан бир қаторда ижтимоий соҳада ҳам янгича ёндашувлар қарор топмоқда. Бу эса вилоятнинг хорижий ҳамкорлар учун нафақат тарихий мерос, балки замонавий тараққиёт ва инвестиция имкониятларига эга ҳудуд сифатидаги нуфузини ҳам оширмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири