Экологик барқарорликка эришиш — экологик ислоҳотларнинг бош мезони
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан
Шу кунларда юртимиз бўйлаб мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик юбилейини кенг нишонлашга катта тайёргарлик кўрилмоқда. 35 йил тарихан қисқа муддат бўлса-да, бу йиллар мамлакатимиз тараққиётида, юртдошларимиз ҳаётида улкан натижалар қайд этилгани билан тарихий даврга айланди.
Биргина экологик сиёсат доирасида сўнгги йилларда кўплаб муҳим аҳамиятли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, экологик барқарорлик аҳоли соғлиғи ва ҳаёти, бугунимиз ва келажагимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлган масаладир. Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ва натижалар ҳақида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Хайрулла Ғаффоров ЎзА мухбирига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида мамлакатимизда барча соҳада кечаётган ривожланиш паллаларини сарҳисоб қилар эканмиз, албатта, кенг кўламли натижаларга гувоҳ бўламиз. Шу билан биргаликда, экологик сиёсат давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Аввалги йилларда соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий базани ривожлантириш муҳим аҳамият касб этган бўлса, сўнгги йилларда бевосита натижадорликка, экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биринчи навбатда, янгиланган Конституциямизда экологик нормаларнинг акс эттирилиши, аҳолимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган ишлар давлат томонидан мустаҳкамлаб қўйилгани катта воқелик ҳисобланади.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши ва унга мослашиш, бу йўлдаги институционал ўзгаришларни алоҳида таъкидлаш лозим. Аввал ижро ҳокимияти таркибида бўлган вазирлик ҳозирги кунда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига айлантирилиб, тўғридан-тўғри Президентга ҳисобдор этиб белгиланди. Бу, ўз навбатида, ушбу органнинг ваколатларини янада кенгайтирди.
Бундан ташқари, 2018 йилда давлатимиз раҳбари томонидан Орол бўйи ва унинг қуриган тубида ўрмонлаштиришни жадаллаштириш бўйича ташаббус илгари сурилгандан кейин ҳозирги кунга қадар 2 миллион гектардан ортиқ майдонда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.
2021 йилда эса «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бўйича ташаббус илгари сурилди. Ҳар йили 200 миллиондан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилиб, яшиллик даражасини ошириш бўйича ишлар амалга ошириб келинмоқда. 2030 йилгача яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, ҳар бир фуқарога тўғри келадиган яшиллик майдонини 10 квадрат метрга ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Шунингдек, иқлим ўзгаришларига мослашиш учун давлат миқёсида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг тегишли фармони билан Иқлим кенгаши тузилди. Парламентда ҳам иқлим комиссияси ташкил этилди ва бу комиссия вакиллари қонунчиликни такомиллаштириш, иқлим ўзгаришларига мослашиш йўлида ўз фикр ва таклифлари билан иштирок этиб келмоқда.
Иқлим ўзгаришларига мослашиш йўлидаги энг катта ишлардан бири сифатида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишни айтиб ўтиш лозим. 2019 йилда «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси қабул қилинган бўлса, унда 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия улушини 25 фоизга етказиш кўзда тутилган эди. Энди эса 25 фоиз эмас, балки 2030 йилгача бу кўрсаткични 54 фоизга етказиш бўйича катта марра олинди.
Бу нима беради? Биринчидан, энергетик барқарорликни таъминлаш имконини беради. Иккинчидан, табиий ресурсларнинг тежалишига, атроф-муҳитга зарарли таъсирларнинг камайишига замин бўлади. Биз кўпроқ иссиқлик электростанцияларидан фойдаланамиз. Агар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини кўпайтирсак, иссиқлик электростанцияларига эҳтиёжимиз ҳам камаяди. Натижада улардан атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар камайишига эришилади.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Айниқса, мустақилликка эришган пайтимизга нисбатан ҳозирги кунга қадар қарийб 20 фоиз атрофида сув ресурсларидан камроқ фойдаланиляпти. Қурғоқчилик йилларида янада камроқ фойдаланиляпти: илгари 63 миллиард куб метр сув ишлатган бўлсак, ҳозирги кунда 50 миллиард, қурғоқчиликда эса 45 миллиард куб метр сув ишлатиляпти.
Буни биз қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш йўлида жуда катта ишлар қилингани билан ҳам изоҳлашимиз лозим. Ҳозирги кунда суғориладиган ерларнинг қарийб 60 фоизида сув тежовчи технологиялар қўлланилмоқда. Булар лазерли текислаш, ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларидир. Бу ҳам, ўз навбатида, минтақада юзага келаётган сув муаммоларининг олдини олиш мақсадида ушбу технологиялардан фойдаланиш бўйича муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Яна бир йўналишга эътибор қаратадиган бўлсак, бу биохилма-хилликни сақлаш йўналишидир. Биохилма-хилликни сақлашда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрни беқиёс. Яқин йилларгача ҳам муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар 8 фоизга етмасди, ҳозирги кунда эса 14,2 фоиздан ортганини таъкидлашимиз лозим.

Чўлланишга қарши курашиш борасида ҳам қатор ишлар амалга ошириляпти. Нафақат Оролнинг қуриган тубида, балки чўл ҳудудларида ҳам чўлга чидамли ўсимликларни экиш бўйича ишлар олиб борилаётгани эътиборга молик.
Умуман олганда, экологик барқарорликка эришиш соҳасида бир қатор концепция ва стратегиялар қабул қилинган. Биргина «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам қатор мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Бу кўрсаткичларга эришиш, албатта, фуқароларимизнинг экология соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА