Эҳтиёжманд ходимларга амалий кўмак кўрсатилди
Қурбон ҳайити арафасида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибат ва саховат каби эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу қутлуғ кунларда эҳтиёжманд инсонлар ҳолидан хабар олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳамда жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида хайрия тадбирлари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш акциялари ва эҳтиёжманд қатламларга кўмак дастурлари амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ таркибий корхоналари ҳамда “Энергосавдо” филиали бўлимларида ҳам хайрли тадбирлар ташкил этилди. Унда жамият тизимида фаолият юритаётган, оилавий ва ижтимоий шароити сабаб қўшимча эътибор ва амалий кўмакка муҳтож бўлган ходимларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлар давомида эҳтиёжманд ходимлар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур эҳтиёжлар учун амалий ёрдамлар етказилди. Шу билан бирга, жамоа аъзолари билан самимий суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг турмуш шароити ва муаммоларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жамият ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиевнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар нафақат ижтимоий ёрдам кўрсатиш, балки инсон қадрини улуғлаш ва ходимлар ўртасида ўзаро ишонч муҳитини кучайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
– Биз учун ҳар бир ходим ва унинг оиласи алоҳида эътиборда. Айниқса, байрам арафасида эҳтиёжманд инсонларга кўмак бериш халқимизга хос олийжаноб фазилатларнинг амалий ифодасидир. Бу каби хайрли ишлар жамиятимизда инсон қадри устувор эканини яна бир бор намоён этади, – деди у
Эътиборлиси, ташкилот томонидан инсон манфаатларини таъминлаш, ходимларнинг ижтимоий шароитини яхшилаш, уларга меҳр ва эътибор кўрсатишга қаратилган бундай хайрли ишлар мунтазам давом эттирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА