Россия Арманистондан мева ва узум олиб киришни тақиқлади
Россиянинг “Россельхознадзор” идораси Арманистондан данакли мева ва узум импортини тақиқлади. Ереванга нисбатан сўнгги кенг қамровли чекловнинг давоми сифатида қабул қилинган бу қарор фақат фитосанитария хавфсизлиги билан боғлиқми ёки чуқурроқ сиёсий сабаб ҳам борми?
“Россельхознадзор” идораси жорий йил 2 июндан бошлаб Арманистондан барча турдаги данакли мева, жумладан шафтоли ва узум олиб киришни вақтинча тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.Ушбу чеклов нафақат маҳсулотни Россия бозорига олиб кириш, балки РФ ҳудуди орқали Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бошқа давлатларга транзит қилишни ҳам қамраб олган. Назорат идораси таъкидлашича, бу тақиқ импорт қилинаётган маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ бир стратегия тизими ишлаб чиқилгунга қадар амалда бўлади.
Россия Арманистон маҳсулотларига илк бор чеклов қўллаётгани йўқ. Бундан бир неча кун олдин, яъни 30 майдан бошлаб “Россельхознадзор” ушбу Кавказ давлатидан янги узилган помидор, бодринг, қалампир, кўкат ва қулупнай олиб киришни ҳам чеклаган. РФ томони бу қарорни “Арманистондан мева-сабзавот олиб киришда фитосанитария қоидаси тез-тез бузилаётгани, Россия ҳудудида санитария хавфсизлиги таъминланиши зарурлиги” билан изоҳлади. Аввалроқ уч йирик ишлаб чиқарувчидан гул, маъданли сув ва баъзи спиртли ичимликлар импорти ҳам тақиқланган эди.
Гарчи расмий Москва бу қарорларни соф иқтисодий ва санитария чоралари деб атаётган бўлса-да, халқаро кузатувчилар вазият замирида жиддий сиёсий сабаблар ётганини таъкидламоқда. Гап шундаки, 7 июнь куни Арманистонда навбатдан ташқари парламент сайлови бўлиб ўтади. Никол Пашиняннинг амалдаги ҳукумати сўнгги пайтда Россиядан узоқлашиб, ЕИ ва АҚШ билан яқинлашиш сиёсатини фаол олиб бормоқда. Бу эса Москва ва Ереван ўртасидаги дипломатик муносабат кескин ёмонлашишига олиб келди. Экспертлар фикрича, сайлов арафасида Арманистоннинг энг асосий экспорт маҳсулотларига тақиқ қўйилиши Кремль томонидан Пашинян ҳукуматига нисбатан қўлланаётган навбатдаги иқтисодий босим воситаси бўлиши мумкин.
Фардона Яхшибоева, ЎзА