Дуал таълимнинг янги тартиблари қандай?
2026 йил 29 сентябрда қабул қилинган “Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармонига кўра, 2027/2028-ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида иш берувчилар буюртмаси асосида, битирувчини ишга қабул қилиш шарти билан дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади.
Мазкур тизим “корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр” тамойили асосида йўлга қўйилади. Дуал таълимга қабул қилинадиган бакалавриат таълим йўналишлари ва қабул параметрлари олий таълим ташкилотлари томонидан ҳар йили 1 сентябрга қадар белгиланади.
Дуал таълимда ўқиш учун номзодлар иш берувчи корхона ва ташкилотлар томонидан танлов асосида саралаб олинади. Бунда номзодлар корхонанинг йўлланмаси асосида тўғридан тўғри имтиҳонсиз ёки буюртмаси асосида саралаш имтиҳони натижасига кўра ўқишга қабул қилинади. Техникумларнинг олий таълим билан интеграциялашган ўрта махсус касбий таълим дастурларини тамомлаган битирувчиларга дуал таълим шаклида мос бакалавриат таълим йўналишларининг 2 ёки 3-курсидан ўқишини давом эттиришга рухсат берилади.
Дуал таълимда ўқув жараёнининг камида 30 фоизи назарий таълимга ажратилади, қолган қисми эса амалий тайёргарлик асосида ташкил этилади. Амалий машғулотлар ва талабаларнинг иштироки CareerEdu платформаси орқали мониторинг қилиб борилади.
Талабалар ўқишини дуал таълим шаклидан таълимнинг бошқа шаклларига кўчиришга рухсат берилмайди, фақат ўзгартиришга корхона билан тузилган шартнома мавжуд бўлган тақдирда рухсат берилади.
М.Комилова, ЎзА