Самарқанд судлари ярим йилда 1111 шахсни ярашгани учун жиноий жазодан озод қилди
Самарқанд вилоят судида вилоят, туман ва туманлараро судлар томонидан жорий йилнинг биринчи ярми давомида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаган ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Самарқанд вилояти суди раиси Дилшод Ражабов ҳамда раис ўринбосарлари – жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раҳбарлари ҳисобот давридаги фаолиятлари юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлари томонидан олти ойда 12919 нафар шахсга нисбатан 11915 та жиноят иши ва материаллар кўриб тамомланди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33,9 фоизга ошган). Тамомланган жиноят ишларининг 4457 таси бевосита жиноят ишлари бўлиб, улар бўйича 4223 нафар шахсга айблов ҳукми чиқарилди, 3 нафар шахс эса оқланди. Ишларнинг 19,8 фоизи (888 таси) сайёр суд мажлисларида кўрилди.

1111 нафар шахс ярашув асосида жиноий жавобгарликдан озод қилинди, 465 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод этилди. Пробация хизмати тақдимномаларига асосан 2035 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Маҳалла кафиллиги асосида 1 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.
Судлар томонидан 50 338 нафар шахсга нисбатан 42 089 та маъмурий иш кўриб чиқилди. Бу ўтган йилга нисбатан 64 фоизга кўп демакдир. Натижада 25053 нафар шахсга жарима, 4794 нафарига маъмурий қамоқ жазолари тайинланди.
Вилоят суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ойбек Ҳасановнинг қайд этишича, йилнинг биринчи ярмида фуқаролик ишлари бўйича судларда 89 минг 461 та иш кўрилган. Жумладан, никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 4340 та даъводан 2077 таси қаноатлантирилган, 245 та оила эса яраштирилган. Иш ҳақи ундириш бўйича ходимлар фойдасига 18,7 миллиард сўм маблағ ундирилди ҳамда 60 нафар ходимнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, ишга қайтарилди. Болалар таъминоти учун 5623 та иш бўйича алимент ундириш қарорлари қабул қилинди.

Вилоятдаги иқтисодий судлар томонидан 12 минг 761 та иш мазмунан кўрилиб, даъвогарлар фойдасига жами 513 миллиард 889 миллион сўмдан зиёд маблағ ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинди. Низоларнинг 59 фоизи маъмурий-ҳуқуқий, 37 фоизи фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга оид бўлди.

Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган 1750 та мурожаат ўрганилиб, тегишли тушунтиришлар берилди ва ижобий ҳал этилди. Суд раислари ва судьяларнинг шахсий ҳамда сайёр қабулларида 1300 дан ортиқ фуқаро қабул қилиниб, уларнинг муаммолари тингланди ва қонуний ечимлар топилди.


Матбуот анжумани давомида Самарқанд вилоят суди раҳбарияти оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири