“Дўстлик” фестивали олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди (+видео)
30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказилаётган “Дўстлик” фестивали миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Турли миллат ва элат вакилларини ягона эзгу мақсад атрофида бирлаштирадиган ушбу фестиваль доирасида жорий йил ҳам қатор маданий-маърифий, илмий-амалий ҳамда халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан Миллий матбуот марказида фестиваль дастури ва унинг аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Қўмита раҳбарияти, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ҳамда Биродар шаҳарлар альянси вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Анжуманда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ришталарини ривожлантириш, миллий маданий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқ дипломатиясини кенгайтиришга қаратилган ишлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, фестивалнинг асосий мақсад ва вазифалари, дастур доирасида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қўмита раиси Қаҳрамон Сариев сўзга чиқиб, йиғилганларни 30 июль – Халқлар дўстлиги куни билан табриклади. У Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили ташкил этиладиган “Дўстлик” фестивали юртимизда қарор топган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликни юксалтириш, шунингдек, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилаётган муҳим маънавий-маърифий майдон эканини алоҳида таъкидлади.
Анжуманда фестиваль тадбирларига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани қайд этилди. Жумладан, фестиваль доирасида “Дўстлик оҳанглари” концерт дастури, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” фотосуратлар кўргазмаси, “Она замин бағридан” ҳунармандчилик кўргазма-ярмаркаси, “Қардошлик мушоираси” ижодий учрашуви, болалар ёзги оромгоҳларида “Дўстлик болаликдан бошланади” мавзусида маданий-маърифий тадбирлар ҳамда “Умуммиллий бирдамлик – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, фестивалнинг энг йирик тадбирларидан бири саналган “Биродар шаҳарлар форуми” ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Унга кўра, мазкур форум 24–25 июль кунлари Самарқанд шаҳрида биринчи халқаро форум сифатида ўтказилади. Унда 30 га яқин давлатдан 100 га яқин хорижий меҳмонлар, олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига атрофлича жавоб берилди. Шунингдек, жамиятда умуммиллий ҳамжиҳатлик ғояларини тарғиб қилиш ва мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ журналистлар ҳамда блогерлар фаолияти эътироф этилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/pvkrF5yvDhQ?si=eatUJK5KIsPIyWTp" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео), Ф.Абдурасулов(сурат),
ЎзА