Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳисоботи кўриб чиқилди
Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли вакилларида шукроналик ҳиссини мустаҳкамлашда диний-маърифий соҳадаги ишлар муҳим ўрин тутади. Бунда мазкур йўналишга сарфланаётган бюджет маблағлари самарадорлигини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2026 йилнинг иккинчи чорагидаги бюджет харажатлари мақсадли индикаторларининг ижроси бўйича ҳисоботи муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қўмита томонидан диний-маърифий соҳани янада такомиллаштириш, жамиятда “Жаҳолатга қарши маърифат” деган улуғвор ғоя асосида муайян ишлар амалга оширилган. Шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурлари мақсадли индикаторларининг 2026 йилнинг иккинчи чорагида бир қатор ижобий ишлар йўлга қўйилган.
Мунозаралар давомида депутатлар жойлардаги ўрганишлари давомида аниқланган масалалар юзасидан фикр ва таклифлар билдирдилар. Соҳада бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, мақсадли индикаторлар ижросига қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва уларнинг бажарилишини изчил таъминлаш, ҳисоботларни мунтазам равишда кўриб бориш ва бу жараённи қатъий назоратга олиш лозимлигига урғу берилди.
М.Комилова, ЎзА