ДХХ кубогида бугун ярим финалчилар аниқланади
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кубогининг мини-футбол бўйича ҳал қилувчи босқичида гуруҳ баҳслари якунланди. 19 август куни ўтказилган учинчи тур учрашувларидан сўнг қизлар ва ўғил болалар ўртасида чорак финал жуфтликлари маълум бўлди.
Жумладан, қизлар ўртасидаги баҳсларнинг “А” гуруҳида Фарғона вилояти 7 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Сурхондарё вилояти 4 очко билан иккинчи, Жиззах вилояти 3 очко билан учинчи, Қашқадарё вилояти эса 2 очко билан тўртинчи бўлди.
“B” гуруҳида Тошкент шаҳри, Андижон ва Хоразм вилоятлари 3 очкодан жамғарди. “C” гуруҳида Самарқанд вилояти 6 очко билан пешқадамлик қилди. Сирдарё вилояти 3 очко билан иккинчи, Наманган вилояти очкосиз учинчи ўринни эгаллади.
“D” гуруҳида Тошкент вилояти 9 очко билан максимал натижа қайд этди. Бухоро вилояти 4 очко билан иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси 3 очко билан учинчи, Навоий вилояти 1 очко билан тўртинчи бўлди.
Чорак финалда қуйидаги жуфтликлар баҳс олиб боради:
Фарғона вилояти – Андижон вилояти;
Сирдарё вилояти – Тошкент вилояти;
Самарқанд вилояти – Бухоро вилояти;
Сурхондарё вилояти – Тошкент шаҳри.

Ўғил болалар ўртасида эса “А” гуруҳида Жиззах, Навоий ва Тошкент вилоятлари 6 очкодан жамғарди. Самарқанд вилояти очкосиз қолди. “B” гуруҳида Наманган вилояти 6 очко билан биринчи, Қорақалпоғистон Республикаси 3 очко билан иккинчи ўринни эгаллади.
“C” гуруҳида Тошкент шаҳри 6 очко билан гуруҳ пешқадами бўлди. Бухоро вилояти 3 очко билан иккинчи ўринни олди. “D” гуруҳида Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари 6 очкодан тўплаган бўлса, Сирдарё вилояти 4 очко билан учинчи, Андижон вилояти 1 очко билан тўртинчи ўринни эгаллади.

Чорак финалда:
Жиззах вилояти – Қорақалпоғистон Республикаси;
Бухоро вилояти – Қашқадарё вилояти;
Тошкент шаҳри – Хоразм вилояти;
Навоий вилояти – Наманган вилояти.
Шу тариқа, ДХХ кубогининг мини-футбол бўйича ҳал қилувчи босқичида ҳар икки йўналишда ҳам чемпионлик учун курашнинг энг қизғин палласи бошланади. Чорак финал ғолиблари 21 август куни бўлиб ўтадиган ярим финал босқичига йўл олади. 22 август куни финал ва 3-ўрин учун баҳслар ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА