Ёш гандболчиларимиз Иорданияда жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашади
Бугун, 20 август куни Иордания пойтахти Аммон шаҳрида гандбол бўйича Ўзбекистон U-18 терма жамоаси иштирок этаётган 11-Осиё чемпионати мусобақалари бошланади.
Ўсмирлар ўртасидаги 12-жаҳон чемпионатига саралаш босқичи бўлган ушбу биринчиликда иштирок этаётган 10 та миллий терма жамоалар 2 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб боради.
Ҳар бир гуруҳдан энг яхши тўртта жамоа чорак финалга йўл олади ва жаҳон чемпионати саралаш босқичига йўлланма олиш имкониятини сақлаб қолади. Амалдаги қитъа чемпиони Япония жамоаси мусобақада қатнашмайди. Тарихдаги энг кўп совринли жамоа, ўтган йилги қитъа биринчилигида кумуш медални қўлга киритган Жанубий Корея жамоаси “А” гуруҳи Ўзбекистон, Баҳрайн, Иордания, Ҳиндистон жамоалари билан баҳс олиб боради.

Гуруҳлардаги дастлабки саралаш босқич ўйинлари 20-26 август кунлари бўлиб ўтади.
Бугун Ўзбекистон U-18 терма жамоаси аъзолари “А” гуруҳдаги илк ўйинни Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўтказади.
Ўз гуруҳидан энг яхши натижа қайд этган тўртта жамоа 28 август куни чорак финалда куч синашади.
Ярим финал учрашувлари 29 августга белгиланган бўлиб, финал ва бронза медали учун ўйинлар 31 август куни ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА