Депутат инвестиция лойиҳалари билан танишди
ЎзЛиДеПнинг “Депутат – инвесторга мададкор” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Қ.Ешбаев Қўнғирот туманида жорий йил амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларини ўрганди.
Депутатлик фаолияти доирасида ҳудудларда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларнинг амалий ҳолатини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Навбатдаги ўрганиш жараёнида Қўнғирот туманида Ҳудудий инвестиция дастури доирасида амалга оширилиши белгиланган янги инвестиция лойиҳалари билан танишилди. Лойиҳа ташаббускорлари ва масъул ташкилотлар вакиллари билан мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг амалга ошириш жараёнлари, мавжуд имкониятлар ва юзага келаётган масалалар муҳокама қилинди.

Ўрганишлар натижасига кўра, 2026 йилда Қўнғирот туманида умумий қиймати 6 миллиард 373 миллион сўм бўлган 7 та янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар асосан хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларини қамраб олган бўлиб, замонавий савдо ва кўнгилочар маркази, меҳмонхона мажмуаси, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маркази, аҳолига хизмат кўрсатиш иншоотлари, умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларини ўз ичига олади.
Депутат томонидан ўрганиш давомида ҳар бир лойиҳанинг амалга ошириш босқичлари, молиялаштириш манбалари, ишга тушириш муддати, муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланганлик ҳолати ҳамда тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқотлар жараёнида инвесторларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларни белгиланган муддатларда амалга ошириш ва мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Қайд этиш жоизки, “Депутат – инвесторга мададкор” лойиҳаси депутатларнинг тадбиркорлар билан яқин мулоқотини таъминлаш, ҳудудлардаги инвестиция жараёнларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўрганилган лойиҳалар тўлиқ амалга оширилиши натижасида Қўнғирот туманида 76 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, хизматлар кўламини кенгайтириш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири