Бир инсон тақдирида ислоҳотлар самараси
Инсонга эътибор, унинг қадри ва саломатлигини асраш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, якка-ёлғиз кексалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга манзилли ижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали ҳаёт сифати яхшиланмоқда. Бухоро вилояти Когон туманидаги бир оила тақдири ана шу эзгу саъй-ҳаракатлар амалда қандай натижа бераётганининг ёрқин намунасидир.
Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Когон маҳалласида 3 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 70 нафар ногиронлиги бўлган шахс, 4 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган фуқаро ҳамда 2 нафар якка-ёлғиз кекса яшайди. Уларнинг ҳар бири маҳалла ижтимоий ходими Нодирбек Ҳамидов томонидан индивидуал эҳтиёжлари асосида ўрганилиб, манзилли ижтимоий хизмат ва ёрдамлар билан қамраб олинмоқда.
Ана шундай инсонлардан бири — Тўрақул бобо Ботиров. Бир неча йил аввал инсульт касаллигини бошдан кечирган кекса узоқ вақт давомида ётоқдан туролмай қолган. Бу оғир синов нафақат унинг, балки умр йўлдоши Шарофат опа Нарзиеванинг ҳам ҳаётини бутунлай ўзгартирди. Фидойи турмуш ўртоғи йиллар давомида Тўрақул бобонинг парвариши билан меҳр ва сабр билан шуғулланиб келди.
Маҳалла ижтимоий ходими томонидан оиланинг ижтимоий ҳолати атрофлича ўрганилиб, Тўрақул бобо якка яшовчи кекса сифатида рўйхатга олинди ҳамда “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида уй шароитида ижтимоий-маиший хизматлар ва тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан таъминланди.
Дастур доирасида Тўрақул бобо мунтазам чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилиб, соғлиғини тиклаш мақсадида бир неча бор санаторий-соғломлаштириш масканларида даволаниши ташкил этилди. Мутахассислар назоратида олиб борилган реабилитация муолажалари унинг соғлиғини тиклашда муҳим омил бўлди.

Оилани моддий қўллаб-қувватлаш ҳам эътибордан четда қолмади. Куз-қиш мавсуми ҳамда муборак Рамазон ойи муносабати билан бир марталик моддий ёрдам ажратилиб, бу оиланинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилашга муносиб ҳисса қўшилди.
Энг қувонарлиси шундаки, кўрсатилган тиббий ва ижтимоий хизматлар кутилганидан ҳам юқори самара берди. Илгари мутлақо ётоққа михланиб қолган Тўрақул бобо бугунги кунда шифокорлар тавсияларига қатъий амал қилган ҳолда мустақил равишда юришни бошлади. Унинг ҳар бир ташлаган қадами нафақат ўзининг, балки яқинлари ва унга ёрдам қўлини чўзган инсонларнинг меҳнати самарасига айланди.

Бу воқеа бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: инсонга меҳр, эътибор ва манзилли ёрдам кўрсатилса, ҳатто энг оғир синовлар ҳам енгиб ўтилади. Бир инсоннинг соғлиғи тикланиши — бутун бир оиланинг юзига табассум, қалбига эса умид қайтишидир.
Когон маҳалласида амалга оширилаётган бу эзгу ишлар ижтимоий ҳимоя тизими шунчаки ёрдам бериш билан чекланмасдан, инсонни яна фаол ҳаётга қайтаришга хизмат қилаётганини яққол намоён этмоқда. Тўрақул бобонинг ҳаёт йўли эса меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва давлат эътибори бирлашганда мўъжизага тенг натижаларга эришиш мумкинлигининг таъсирчан ва ибратли намунасидир.
Зариф Комилов, ЎзА