“Декрет” таътилидан эрта ишга қайтиш мумкинми? Қонун нима дейди?
Фарзанд кутиш — аёл ҳаётининг энг қувончли даврларидан бири. Аммо баъзан ҳаёт кутилмаган синовларни ҳам рўпара қилади.
Ҳомиладорликнинг кечки босқичида фарзандидан жудо бўлган аёл учун бу нафақат оғир руҳий йўқотиш, балки кундалик ҳаётга қайтиш масаласини ҳам юзага келтириши мумкин.
Шундай вазиятда ишга чиқишни истаган ходимага иш берувчи рухсат берса, у декрет таътили тугамасидан иш бошлаши мумкинми?
Мазкур савол юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бош мутахассиси Носир Боймирзаев қуйидагиларни маълум қилди.
Мазкур ҳолатда ходиманинг хоҳиши ва иш берувчининг розилигигина эмас, балки меҳнат қонунчилигида белгиланган таътил муддати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 404-моддасига мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, одатда, туғруққача 70 календарь кун ва туғруқдан кейин 56 календарь кун, жами 126 календарь кун қилиб белгиланади. Қонунда ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасигача туғруқ содир бўлиб, бола тирик туғилмаган ҳолат учун алоҳида тартиб ҳам назарда тутилган: бундай вазиятда 70 календарь кунлик таътил берилади. Декрет пули эса аёллар ҳомиладорлик ва туғруқ таътили вақтида оладиган нафақа пули бўлиб, у меҳнатга лаёқатсизлик даврида аёлнинг моддий таъминотини кафолатлаш учун белгиланади.
Энг муҳими, ишга қайтиш санасини белгилашда меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган муддатга амал қилиш лозим. Таътил даври тугамасидан иш бошлаш нафақа ҳисоб-китоби ва иш вақти табелини юритишда ҳуқуқий ҳамда ташкилий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, бундай вазиятда ходиманинг ишга қайтиш истагини инобатга олиш билан бирга, амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш ҳам зарур.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди,
ЎзА