Даврнинг уйғоқ қалби, ислоҳотларнинг бош маслакдоши
Бугунги тезкор ва глобаллашган дунёда матбуот ва оммавий ахборот воситалари шунчаки воқеа-ҳодисаларни қайд этувчи кўзгу эмас, балки жамиятнинг энг уйғоқ виждони, ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш, жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги улуғвор одимларда миллий журналистикамиз халқнинг чинакам овози сифатида майдонга чиқмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига йўллаган самимий ва теран мазмунли қутловида айнан мана шу жиҳатлар — сўз ижодкорларининг ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашдаги беқиёс ўрни ва уларнинг раҳбарият учун энг яқин маслакдош ҳамда жонкуяр дўст экани алоҳида эътироф этилди. Бу юксак ишонч ўзбек матбуоти зиммасига ҳам тарихий, ҳам маънавий масъулият юклайди.
Бу йилги касб байрамининг ўзига хос алоҳида шукуҳ билан нишонланиши замирида миллий матбуотимизнинг улуғвор тарихий илдизлари ётади. Миллий ўзликни англаш ва маърифатпарварлик ғояларини куйлаган жадид боболаримиз томонидан “Тараққий” газетаси ташкил этилганига 120 йил ҳамда юртимизда илк бор радиоэшиттиришлар тажриба тариқасида узатилганига 100 йил тўлиши бугунги тараққиёт йўлимиз асрий анъаналарнинг мантиқий давоми эканидан далолатдир.

Бундан ўн йил олдин “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган эзгу ғоя асосида бошланган демократик янгиланишлар соҳада туб бурилиш ясади. Яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асос ва берилган кенг имтиёзлар натижасида бугун медиамаконда хусусий секторнинг улуши кескин ошиб бормоқда. Рақамларга мурожаат қилсак, мамлакатимизда фаолият юритаётган қарийб 2 минг 700 та оммавий ахборот воситаларининг 67 фоизи, ноширлик субъектларининг 90 фоиздан ортиғи ҳамда матбаа корхоналарининг 83 фоизи айнан нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса ахборот соҳасини либераллаштириш ва соғлом рақобатни шакллантириш борасидаги амалий қадамларнинг яққол маҳсулидир. Шу билан бирга, китобхонлик маданиятини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар туфайли нашриётлар қуввати икки баробар ортиб, бир йилда 60 миллиондан зиёд китоб чоп этилгани жамиятнинг интеллектуал салоҳияти юксалаётганини кўрсатади.
Аммо бугунги давр журналистлардан нафақат тезкорлик, балки юксак ҳушёрлик ва профессионализмни ҳам талаб этмоқда. Ахборот оқими шиддат билан ортиб, сохта хабарлар ва дипфейк технологиялари кенг тарқалаётган таҳликали замонда манбаларнинг ишончлилигини текшириш ва фактчекинг кўникмалари соҳа ходимларининг бош мезонига айланиши шарт. Бу борада давлат томонидан ёш авлоднинг медиасаводхонлигини оширишга жиддий эътибор қаратилиб, қисқа вақтда 10 минг ёшни қамраб олган замонавий таълим тизими яратилди. Шунингдек, юртимизда илк бор уч ой давомида 12 мингдан ортиқ соҳа вакиллари ва ёш ижодкорларни бирлаштирган Медиа ҳафталик тадбирлари ушбу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим платформага айланди.

Давлат бундан кейин ҳам эркин ва масъулиятли журналистикани қўллаб-қувватлаш, ОАВ ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий таъминоти ва яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттиради. Бу жараёнда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг ҳам роли ва нуфузини тубдан ошириш, уни ижодкорларнинг касбий бирдамлиги ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи қудратли тузилмага айлантириш ҳаётий заруратдир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги ўзбек журналистикаси шунчаки воқеаларни баён қилувчи кузатувчи эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг тақдирини белгиловчи, ислоҳотларнинг зафарли одимларини таъминловчи ижтимоий куч сифатида намоён бўлмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, миллий матбуотимиз давлат ва жамият ўртасидаги мустаҳкам кўприк вазифасини бажариб, халқимизни умуммиллий манфаатлар атрофида жипслаштирувчи қудратли маънавий кучдир. Бу қудратли куч жамиятимизда сўз эркинлиги, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашда энг ишончли таянч бўлиб қолаверади. Зеро, қалами ўткир, сўзи ҳаққоний ва юраги Ватан ишқи билан ёнувчи жонкуяр журналистлар бор экан, мамлакатимизнинг демократик янгиланишлар йўлидаги одимлари ҳеч қачон ортга қайтмайди ва кўзланган юксак марраларга албатта эришилади.
Алоуддин Ғаффоров, ЎзА