Давлат хизматида HR бошқарув тизими қандай самара бермоқда?
HRM ёки оддийгина HR – Инсон ресурсларини бошқариш (Human Resources Management) тизими. Бу ташкилотни бошқариш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган ички сиёсат ёки ички комплекс функция ҳисобланиб, инсон фаолиятига таъсир қилувчи барча жараёнлар ва дастурлар бу тизимнинг бир қисмидир.
Ўзбекистон давлат хизматида ҳам бу тизим кенг жорий этилмоқда. Хўш, тизим амалда қандай ўзгармоқда ва қандай натижалар кўрсатмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги бошқарма бошлиғи Козимбек Ғафуров билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизмати тизими тубдан янгиланиб, рақамли HR экотизими шакллантирилди.
Бу тизим Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг hrm.gov.uz платформаси атрофида бирлашган, ўзаро интеграциялашган бир нечта рақамли ечимлар мажмуасидан иборат.
Ушбу экотизим вакансиялар портали, онлайн тест синовлари, шахсий электрон кабинет, малака ошириш платформаси, самарадорликни баҳолаш тизими, кадрлар захираси, сунъий интеллект асосидаги баҳолаш модуллари, мобил илова ва талабалар амалиёти тизимини қамраб олади. Энг муҳими, бу платформалар ўзаро интеграциялашган ва мустаҳкам ҳуқуқий база асосида ишлайди.
hrm.gov.uz тизимида 6,8 мингдан ортиқ давлат ташкилоти ва 86 мингдан зиёд давлат хизматчиси ҳақидаги маълумотлар ягона электрон реестрга жамланган. Шу пайтгача 1 миллиондан ортиқ HR-ҳужжат рақамлаштирилган бўлиб, бу ҳар бир хизматчи ҳиссасига ўртача 14 ҳужжат тўғри келишини англатади.
Тизим E-Huquqshunos, my.mehnat.uz, egov.uz, Э-имзо каби миллий платформалар билан интеграция қилинган. Натижада маълумотларни қайта-қайта киритишга эҳтиёж йўқ, бу эса вақт ва ресурсларни тежашга хизмат қилмоқда.
– Vacancy.gov.uz портали давлат хизматига киришнинг ягона очиқ майдонига айланди. Портал имкониятлари қай даражада?
– Ҳозирда платформада 3,3 мингдан ортиқ вакансия эълон қилинган. Шу орқали 98 мингдан зиёд фуқаро ишга қабул қилинган, жами аризалар сони эса 5,1 миллиондан ошган.
Эътиборли жиҳати, ишга қабул қилинганларнинг қарийб 15,6 фоизи давлат хизматига илк бор кирганлардир. Бу эса тизим фақат кадрларни қайта тақсимлаш эмас, балки янги номзодлар учун реал “ижтимоий лифт” вазифасини бажараётганини кўрсатади.
samaradorlik.gov.uz платформаси орқали 330 нафар раҳбарнинг фаолияти 15 мингдан ортиқ кўрсаткич асосида баҳоланмоқда. Шунингдек, 100 дан ортиқ ҳоким ўринбосарлари ва 1,2 мингга яқин туман раҳбарларининг фаолиятига ягона КPI тизими асосида баҳо бериш имконияти яратилган.
Малака ошириш соҳасида edu.bsa.uz платформаси 75 мингдан зиёд фойдаланувчини бирлаштирди. Онлайн ўқув курсларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга 126 мингдан ортиқ сертификат берилди. Ушбу платформада минглаб видео-маърузалар ва юздан ортиқ электрон китоблар очиқ тақдим этилган.
“MyDX: давлат хизматчиси” мобиль иловаси давлат хизматчилари учун рақамли ҳамроҳга айланди. У орқали фойдаланувчилар ўз маълумотларини янгилаши, ишга ариза топшириши, малакасини ошириши ва шахсий ривожланиш режаларини тузиши мумкин.
Ҳозирга қадар илова 60 минг марта юклаб олинган, 25 мингга яқин фойдаланувчи эса уни доимий ишлатмоқда.
– Яратилган рақамли экотизимнинг асосий ютуғи нима?
– Асосий ютуқ – шаффофлик ва адолатни таъминлаши. Ваканcия - ариза нисбати (ўртача 52 ариза бир ўринга) ва янги кадрлар улуши меритократия принциплари амалда ишлаётганини кўрсатади.
Тест жараёнларида FaceID, прокторинг ва онлайн кузатув каби технологияларнинг жорий этилиши инсон омилини кескин камайтириб, коррупциявий хавфларни пасайтирмоқда. Шу билан бирга, айрим муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Масалан, мобиль илова фойдаланувчиларининг фаоллик даражаси 42 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса, унинг барча имкониятлари ҳали тўлиқ ишга солинмаганини англатади.
Айрим ташкилотларда HR - анкеталар тўлиқ шакллантирилмагани кадрлар таҳлилига таъсир қилмоқда. Шунингдек, лавозимлар ва компетенциялар бўйича ягона классификаторнинг тўлиқ ишлаб чиқилмагани тизимни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади.
Сунъий интеллект асосидаги баҳолаш тизими техник жиҳатдан тайёр бўлсада, уни амалиётга кенг жорий этиш ҳозирча пилот босқичида.
Умуман олганда, Ўзбекистонда шаклланган рақамли HR -экотизим аллақачон амалий натижа бермоқда. Кадрлар танлови шаффофлашди, маъмурий жараёнлар соддалашди ва қарор қабул қилиш жараёни маълумотларга асосланган ҳолга келди. Бу эса, давлат хизматини замонавий, шаффоф ва рақобатбардош тизимга айлантириш йўлидаги муҳим қадам.
ЎзА мухбири
Н.Абдураимова суҳбатлашди