Давлат хизматида узоқ кутилган қонун...
Вазирлик ва идоралар мутахассислари, хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тайёрланган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат.
Мазкур қонун Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.
Бундан буён давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида ҳар хил ёндашувларга барҳам берилади.
Хўш, бу қонунни қабул қилишга қандай эҳтиёж бор эди?
Биринчидан, шу кунгача бу соҳада қонунийлик, очиқликни таъминлаш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга йўналтирилган самарали механизмларни белгиловчи яхлит қонун ҳужжати бўлмаган.
Иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар маъмуриятчилигининг замонавий усулларини илғор халқаро стандартларга мувофиқ жорий этиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмаганди.
Алоҳида қайд этиш лозимки, қонунни ишлаб чиқишда халқаро тажрибалар ўрганилди, илғор хорижий давлатлардаги амалиётнинг энг маъқул жиҳатлари миллий қонунга сингдирилди. Масалан, Япония, Буюк Британия, АҚШ каби давлатлар тажрибаси мутахассислар томонидан синчиклаб ўрганилди. Шунингдек, жараёнда хорижий экспертлар ҳам иштирок этгани унинг холислигини таъминлади. Масалан, халқаро эксперт, БМТ Халқаро давлат хизмати комиссияси аъзоси, Yonsei университети профессори Пан Сок Ким бу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган.
Унинг эътирофича, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган юқоридаги қонун ҳукумат ривожланиши ва маъмурий ислоҳотларнинг асоси, дейиш мумкин ва у анча пухта пишитилган.
Энди бевосита қонун билан танишиб ўтсак, унда давлат органларида фуқаролик хизматини ўташ тартиби, ушбу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди. Жумладан, давлат хизматига давлат тилини биладиган, тегишли малака талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади.
Давлат хизматчилари учун 5 кунлик иш ҳафтаси ва ҳафтасига
40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланади. Уларга «ҳайфсан», «жарима» ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш тарзидаги интизомий жазолар ҳам қўлланилади. Давлат хизматчиларига 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади.
Қонун билан давлат фуқаролик хизматчиларига «сиёсий» (вазир, раис, директор ва бошқа), «бошқарув» (департамент, бошқарма ва бўлим бошлиқлари) ва «ёрдамчи» (мутахассис, инспектор ва консультантлар) малака даражалари берилади. Бунда маълумоти, иш стажи ва малака ошириш курсларининг натижалари ҳисобга олинди. Бу билан эндиликда юристлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мудофаа органларидаги ходимларнинг махсус унвонлари каби фуқаролик хизматчилари ҳам махсус мартабалар, яъни малака даражаларига эга бўлади.
Қонунга кўра, давлат хизматчиси ўзаро яқин қариндошликда ёки қуда томондан қариндош бўлган шахсларнинг айнан битта давлат органи ва ташкилотида бирга хизмат қилиши мумкин эмас. Уларнинг педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан, қолаверса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Хизмат ваколатларини бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олиш қатъий тақиқланади. Бундан ташқари, давлат хизматчилари Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, чет элда кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга ҳақли эмас. Улар чет давлат фуқаролигини олиши, сиёсий партияларга аъзо бўлиши тақиқланади.
Белгиланган чекловларга риоя этилмаган тақдирда давлат фуқаролик хизматчиси нафақат ишдан кетиши, балки жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.
Қонун билан коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.
Бундан ташқари, коррупция хавфи юқори бўлган лавозимларни эгаллаб тypган давлат фуқаролик хизматчилари мажбурий ротация қилинади. Шу билан бирга, қонунга уларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш шартлиги, давлат органининг нуфузини туширишга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши, ўз хизмат мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланмаслиги, давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши шартлиги каби муҳим нормалар киритилди.
Қонундаги яна бир муҳим жиҳат, бу – давлат хизматчиси даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт.
Қонунга кўра, унинг амал қилиши айрим тоифадаги давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилмайди. Яъни Президент, Бош вазир, депутат ва сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Марказий сайлов комиссияси, Марказий банк бошқаруви аъзолари, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун қўлланилмайди.
Чунки юқорида келтириб ўтилган соҳалардаги давлат хизматини тартибга солувчи алоҳида қонунлар мавжуд. Масалан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фаолияти «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги, «Мудофаа тўғрисида»ги қонун ва бошқа шу каби махсус қонунлар билан тартибга солинади. Мазкур қонун талаблари эса фақат Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда ишловчи ходимлар учун мажбурий саналади.
Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб – Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди. Агентликнинг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари ҳам белгилаб берилди.
Агентлик мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш борасида бир қатор вазифалар ва чора-тадбирларни белгилаб олди.
Марям Абдукаримова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг
Тошкент шаҳар филиали бош инспектори
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)