Давлат хизматчисининг ҳаёти ва соғлиғи мажбурий суғурта қилиниши кўзда тутилмоқда
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди.
Мазкур қонун лойиҳаси давлат органлари фаолиятида давлат фуқаролик хизматининг давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Лойиҳада давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳада биринчи марта давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари, давлат фуқаролик хизматига кириш очиқ танлов асосида амалга оширилиши, хизмат сафарлари, ижтимоий ҳимояси, давлат фуқаролик хизматчиси ҳаёти ва соғлиғи давлат бюджети ҳисобидан мажбурий суғурта қилиниши, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига тааллуқли — ягона иш ҳақи тизими, рағбатлантириш ва жазо чоралари тартиби, меҳнат қонунчилигига риоя этилишининг ҳуқуқий кафолатлари каби қоидалар ўз аксини топган.
Қонун лойиҳаси нормалари фақат давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларига нисбатан қўлланилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА