Хитой – Ўзбекистон: тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги хабарига кўра, Бухоро давлат тиббиёт институти Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Олима Воҳидова Хитойда ёзги ўқув амалиётини якунлаб, иш жойига қайтди.
У 20 июлдан 11 августгача бошқа тингловчилар қатори ХХР ҳукуматининг 2026 йилги халқаро стипендия дастури доирасида ёзги оромгоҳда бўлиб, клиник ташҳис ва даволашнинг илғор усуллари, шунингдек анъанавий Чин табобатини ўрганди. Юртдошимиз Ланжоу университети ҳузуридаги клиник тиббиёт институти – Иккинчи шифохонада қисқа муддатли амалиёт ҳам ўтаб, назарий машғулотни амалиёт билан уйғунлаштирди.
Тадбирда мамлакатимиздан 7 талаба ва 3 нафар ўқитувчи ҳам иштирок этди. Ёшларимиз хитойлик шифокорлар раҳбарлигида клиник даволаниш жараёнини кузатиб, тиббий кўникма ўзлаштирди. Илғор технология асосида жарроҳ-роботлар ишини кузатди, 3D бошқаруви ёрдамида кўзда жарроҳлик амалиёти ўтказиш бўйича тажриба оширди. Шунингдек, “Ин ва Янг мувозанати”, “Аломат ва белгини фарқлаб ташҳис қўйиш ва даволаш” каби анъанавий Хитой тиббиёти усуллари билан танишди, игна санчиш ва вакуум терапияси усулини ўрганди.
Олима Воҳидова “Синьхуа”га берган интервьюсида Чин соғлиқни сақлаш тизимидан беқиёс таассурот олгани, хусусан тиббиёт ходимлари беморларни жуда синчковлик билан парвариш қилиши, муайян касалликка қараб турли жарроҳлик ёндашувини қўллашини кузатганига урғу берган.
Қўқон давлат университети Андижон филиали талабаси Мубинахон Тўйчиева айтишича, хитойлик шифокорлар вакилларимизни илғор ташҳис ва даволаш технологияси билан таништириб, уларга замонавий тиббий ускуналарда ишлашни пухта ўргатган.
– Мажмуада клиник таълим юқори даражада ташкил қилинган, – дейди Мубинахон Тўйчиева. – Мезбон шифокорлар жарроҳлик амалиёти олди тайёргарлигидан тортиб, кундалик ишларни бажариш усулигача бўлган барча босқичларни батафсил тушунтириб, ҳар бир қадамни кўрсатиб беришди.
Ланжоу касалхонаси раҳбари Жоу Венсе таъкидлашича, ушбу ўқув амалиёти лойиҳаси тиббий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш баробарида, Хитой ва Ўзбекистон ўртасида тиббий таълим, клиник амалиёт ва илмий тадқиқот йўналишларида тажриба алмашинувини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатнинг муҳим қисмидир. Мазкур ташаббус икки мамлакат ёш тиббиёт мутахассислари шериклигини чуқурлаштириш ва тажриба алмашиш учун кўпроқ имконият яратиш мақсадини кўзлаган.
Абдуғафур Маматов, ЎзА