Давлат харидларида маҳаллий хизматларга устуворлик кучаяди (+видео)
Маълумки, тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилаётган хизматларни маҳаллий деб эътироф этишнинг ягона механизмини жорий этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Янги тартиб маҳаллий хизматларни давлат харидларида кенгроқ қўллаш, соҳада шаффофликни таъминлаш ва миллий хизмат кўрсатувчиларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳамда «Ўзбекэкспертиза» акциядорлик жамияти ташаббуси билан ташкил этилаётган очиқ муҳокамада «Тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилаётган хизматларни маҳаллий деб эътироф этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси кенг муҳокама қилинади.
Қарор лойиҳасида маҳаллий хизматларни сертификатлашнинг замонавий ва рақамлаштирилган тизимини жорий этиш назарда тутилган. Унга кўра, хизматларни маҳаллий деб эътироф этиш мезонлари, электрон тарзда ариза қабул қилиш, экспертиза ўтказиш, сертификат бериш ва сертификатланган хизматлар реестрини юритишнинг ягона тартиби белгиланади.
– Лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири маҳаллийлаштириш даражасини баҳолашнинг аниқ мезонлари жорий этилаётгани, – дейди «Ўзбекэкспертиза» акциядорлик жамияти директори Умидхон Аъзамхўжаев. – Бунда маҳаллий кадрлар меҳнати улуши, маҳаллий пудратчилар ва етказиб берувчилар иштирокининг салмоғи, шунингдек, мамлакат иқтисодиётига йўналтирилган харажатлар ҳисобга олинади. Бу эса хизматнинг ҳақиқатда маҳаллий иқтисодиётга қай даражада ҳисса қўшаётганини объектив баҳолаш имконини беради. Янги тартибга мувофиқ, тадбиркорлар сертификат олиш учун ягона электрон ахборот тизими орқали мурожаат қилади. Барча ҳужжатлар электрон шаклда қабул қилиниб, кўриб чиқилади. Тайёр сертификат эса ариза берувчининг шахсий кабинетига юборилади. Ҳар бир сертификатга уникал рақам ва QR-код бириктирилиб, унинг ҳақиқийлигини исталган вақтда онлайн текшириш имконияти яратилади.
Лойиҳада «Ўзбекэкспертиза» акциядорлик жамияти маҳаллий хизматларни сертификатлаш бўйича ваколатли ташкилот сифатида белгиланмоқда. Шунингдек, маҳаллийлаштириш даражаси камида 30 фоизни ташкил этган хизматларга сертификат бериш, айрим хизмат турлари учун эса алоҳида минимал кўрсаткичларни белгилаш таклиф этилган. Сертификатнинг амал қилиш муддати 24 ой этиб белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Сертификатланган хизматлар ягона реестрга киритилиб, улар ҳақидаги маълумотлар давлат харидлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинади. Бу маҳаллий хизматларни электрон кооперация портали ҳамда давлат харидлари электрон тизимининг «Миллий дўкон» саҳифалари орқали кенг тарғиб қилиш ва уларнинг давлат буюртмаларида иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида қарор лойиҳаси тақдимоти ўтказилиб, мутахассисларнинг тушунтиришлари, савол-жавоблар ҳамда тадбиркорларнинг таклиф ва мулоҳазалари эшитилди.
Мазкур муҳокама маҳаллий хизматларни сертификатлаш тизимини амалиёт талаблари асосида такомиллаштириш, тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва давлат харидларида миллий хизмат кўрсатувчилар улушини янада оширишга хизмат қилади. Бу эса мамлакатда хизматлар соҳасини ривожлантириш, рақобат муҳитини кучайтириш ва маҳаллий бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5XfqrrvG8R8" title="Davlat xaridlarida mahalliy xizmatlar uchun yangi tartib joriy etiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова,
Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА