Навоий халқаро аэропортининг стратегик салоҳияти янада юксалмоқда
Навоий халқаро аэропортида навбатдаги йирик халқаро юк операцияси муваффақиятли амалга оширилди.
Президентимиз раҳбарлигида қабул қилинаётган қарор ва дастурлар натижасида авиация инфратузилмаси модернизация қилиниб, аэропортларнинг техник ва технологик имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса юртимизнинг экспорт-импорт салоҳиятини ошириш, халқаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва иқтисодиёт тармоқларини зарур ресурслар билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, Air Atlanta Icelandic авиакомпаниясига қарашли Boeing 747-400 русумли юк самолёти Белгиянинг Льеж шаҳридан Навоий халқаро аэропортига махсус халқаро рейсни амалга оширди. Мазкур рейс орқали умумий оғирлиги 82,5 тоннани ташкил этувчи 165 бош наслдор қорамол мамлакатимизга етказиб келинди.
Юк аэропортнинг замонавий карго терминалида тезкорлик билан туширилиб, ветеринария, божхона ва чегара назоратидан амалдаги миллий ҳамда халқаро талаблар асосида ўтказилди. Юкни қабул қилиш, тушириш ва расмийлаштириш ишлари аэропортнинг карго терминали мутахассислари, божхона, чегара, ветеринария ҳамда бошқа тегишли хизматлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик асосида қисқа вақт ичида ташкил этилди.
Мазкур операция нафақат юк ташиш жараёни, балки мамлакатимизда транспорт ва логистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини ҳам яққол намоён этди. Айниқса, тирик ҳайвонлар каби махсус тоифадаги юкларни қабул қилиш, сақлаш ва расмийлаштириш учун зарур бўлган замонавий инфратузилманинг шакллангани Навоий халқаро аэропортининг халқаро стандартлар даражасида фаолият юритаётганини тасдиқлайди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Навоий халқаро аэропортининг юк айланмаси ва халқаро ҳамкорлари сони ортиб, унинг минтақавий логистика хаби сифатидаги аҳамияти тобора мустаҳкамланмоқда.
Белгиядан келтирилган наслдор қорамоллар ҳам мамлакатимизда чорвачилик тармоғини ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва юқори маҳсулдорликка эришишга хизмат қилади. Шу жиҳатдан мазкур халқаро юк операцияси иқтисодиётнинг бир нечта тармоғи манфаатларини уйғунлаштирган муҳим логистика лойиҳаси сифатида аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири