Чехия Бош вазири пойтахтимиздаги Халқаро тил ва кўникмалар мактабидаги имкониятлар билан танишди
Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш мамлакатимизга ташрифининг иккинчи кунини Тошкент шаҳридаги Халқаро тил ва кўникмалар мактабига боришдан бошлади.

Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида замонавий таълим муассасасида амалга оширилган ишлар, яратилган шарт-шароит ва таълим жараёни билан яқиндан танишди.
320 ўринга мўлжалланган ўқув корпусидаги замонавий аудиториялар, тил лабораториялари ҳамда амалий машғулотлар учун барпо этилган инфратузилма меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.



Шунингдек, делегация вакилларининг талабалар билан мулоқоти ташкил этилди. Суҳбатда ёшлар билим олиш жараёни, келгусида хорижда меҳнат қилиш режалари ва халқаро дастурларда иштирок этиш имкониятлари ҳақида фикр алмашди.
Бош вазир мактабда таҳсил олаётган ёшларнинг интилишларини юқори баҳолаб, бундай ташаббуслар ёшлар келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Маълумки, мазкур Халқаро тил ва кўникмалар мактаби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан ташкил этилган. Муассаса ёшларни хорижда меҳнат қилишга замонавий талаблар асосида тайёрлашни мақсад қилган.


Бу ерда Германия ва Япония билан ҳамкорликда амалга оширилаётган махсус дастурлар орқали тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун малакали кадрлар тайёрланмоқда.
Ташриф чоғида Ўзбекистон ва Чехия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари ва мутахассислар тайёрлаш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.


Бу эса икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташриф нафақат таълим соҳасидаги ютуқлар билан танишиш, балки Ўзбекистон ёшларининг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош кадр сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото),
ЎзА