Давлат экологик экспертизаси маркази делегацияси Туркияда халқаро ўқув сафарида иштирок этмоқда
Туркиянинг Анқара шаҳрида стратегик экологик баҳолаш (СЭБ) ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш (АМТБ) масалаларига бағишланган халқаро ўқув сафари ўз ишини бошлади.
Унда Давлат экологик экспертизаси маркази делегацияси иштирок этмоқда.
Анқарадан ташқари Истанбул шаҳарларида давом этадиган мазкур тадбир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) кўмагида ташкил этилган.
Халқаро ўқув сафарида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон делегациялари, шунингдек, ЕХҲТ, БМТ ЕИК ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари ҳам қатнашмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади Туркиянинг стратегик экологик баҳолаш ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимини жорий этиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш бўйича тажрибасини ўрганиш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Ўқув сафари дастури доирасида Туркиянинг Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ҳамда Транспорт ва инфратузилма вазирлигида қатор ишчи учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, иштирокчилар миллий қонунчилик, баҳолаш тартиб-таомиллари босқичлари, СЭБнинг ҳудудий режалаштириш, сув ресурслари ва қирғоқбўйи ҳудудларини бошқаришдаги амалиёти, шунингдек, АМТБнинг инфратузилма, транспорт ва энергетика тармоқларида қўлланилиши билан танишади.
Сафар давомида етакчи муҳандислик-консалтинг компаниялари билан учрашувлар ва халқаро экспертлар тақдимотлари ҳам ташкил этилади. Делегация Туркия кемасозлари уюшмаси ҳамда «Galataport Istanbul» объектига ташриф буюриб, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда экологик баҳолашнинг амалий жиҳатларини ўрганади.
Мазкур ўқув сафари давомида эгалланадиган билим ва тажрибалар, шунингдек, ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари миллий экологик экспертиза тизимини янада такомиллаштириш ҳамда барқарор ривожланиш соҳасидаги минтақавий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА